Пригожин энг нуфузли яҳудийлар қаторига кирди

Олам

image

Дунёдаги энг нуфузли яҳудийлар рўйхати эълон қилинди. Исроилнинг “The Jerusalem Post” газетасининг ҳар йилги рейтингига “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ҳам киритилган

Қайд этиш жоизки, мазкур нашр ҳар йили дунёдаги энг нуфузли 50 яҳудийнинг рўйхатини тузади. Россиялик тадбиркор мазкур рейтингда “Постскрипт” белгиси билан асосий рўйхатдан ташқарида, яъни 52-ўринда қайд этилган. 

Нашр Пригожин 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашиш учун “ресторан империяси ва трол фабрикасини яратган”ини ёзган. Бироқ, унинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси билан боғлиқ фаолияти Пригожинга оламшумул шуҳрат келтирган.

Таъкидланишича, 23 август куни ҳалок бўлган 62 ёшли Пригожиннинг отаси яҳудий бўлган ва у Исроилга қайтиш ҳуқуқига эга эди.

Рейтингнинг 2023 йилдаги етакчиси Американинг Open AI компанияси раҳбари Сэм Альтман бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эгаллади.

Рўйхатда россиялик тадбиркор Роман Абрамович ва Исроил дўстлик жамғармаси президенти Яэль Экштейн 22-ўринга қўйилиб, улар Украинани қўллаб-қувватловчи яҳудийлар деб аталган. Рўйхат муаллифларининг таъкидлашича, санкцияларга қарамай, Абрамович “Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларига ёрдам берувчи бетараф томон сифатида парда ортида ҳал қилувчи роль ўйнаган”.

Бундан ташқари, рейтингда Исроил Президенти Ицхак Герцог 7-ўринни, Нетаньяхуга қарши ҳаракат қилгани учун ишдан олинган ва кўп ўтмай яна лавозимига қайтарилган Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант 9-ўринни, “Моссад” ташқи разведка хизмати директори Давид Барнеа ва АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен 10 ва 11- ўринларни, Қуддуснинг Эски шаҳаридаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига борган Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир 23-ўринни, Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жосусликда айбланиб ҳибсга олинган “The Wall Street Journal” журналисти Эван Гершкович 48-ўринни эгаллаган. 

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда дунёдаги энг нуфузли яҳудийлар рейтингида биринчи ўринни Украина Президенти Владимир Зеленский эгаллаганди. Бироқ, у кейинчалик иккинчи ўринга кўчирилиб, етакчиликни ўша пайтдаги Исроил бош вазири Яир Лапид эгаллаганди. Бу йилги рўйхатга эса на Зеленский на Лапид киритилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Вагнер Биньямин Нетаньяху Энтони Блинкен Евгений Пригожин яҳудийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг