Президентнинг олдида роль ўйнатилган “актёр”ларга уй берилди
Жамият
−
28 Август 2019
11172Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифидан аввал 6 нафар кам таъминланган ишлаб чиқариш цехи ишчисига уй берилиб, улардан интервью олиниб, давлат раҳбари сафаридан кейин уйлар қайтариб олингани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов йиғилиш ўтказиб, уй берилиб, қайтариб олинган аёллар ҳақида тарқалган хабарларга ойдинлик киритди.
Бу орада Бош прокуратура Андижонда Президентни алдаганларни жавобгарликка тортишни талаб қилди. Шундан сўнг бу масаладан бирор янгилик бўлмаётганди.
Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимованинг маълум қилишича, Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Хуршида Тиллаева, Муяссар Раҳимова, Дилфуза Тешабоева, Шоҳиста Бакирова, Меҳриноз Абдувалиева, Ҳайринисо Эрматова ваъда қилинган хонадонларга кўчиб киришган.
“Бошимдан турли савдолар ўтди. Албатта, тушунмовчиликлар бўлди. Бугун шу уйга кўчиб киргач елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Ўзимни енгил хис қила бошладим. Бундан ташқари цехимиз раҳбари ҳам ишга қайтишимни илтимос қилди. Энди Россияга кетиш йўқ. Аксинча, кўпроқ ишлашга, фарзандларимни бекаму кўст қилиб вояга етказишга ҳаракат қиламан. Биз учун қайғурган барчага ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан”, деди аёллардан бири Муяссар Раҳимова.
Эслатиб ўтамиз, уй билан боғлиқ муаммолардан кейин Муяссар Раҳимова бутунлай Россияга кетиши ва ундай сўнг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқалганди.
LiveБарчаси