Президентнинг набираси Акмал Нурнинг шогирди экани маълум бўлди
Жамият
−
07 Октябрь 2019
33860Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева кеча, 6 октябрь куни ўғли Миромон билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида очилган тасвирий санъат кўргазмасини томоша қилди. Мазкур кўргазмада Бадиий академия раиси – Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур асарлари намойиш этилмоқда.
“Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида шу ҳафта Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг "Онаизор" кўргазмаси очилди. Унга биз ҳам ташриф буюрдик. Тан олиш керак, таниқли мўйқалам устасининг ноёб услуб ва бетакрор чизги-бўёқлар билан ажралиб турувчи, чуқур рамзий маънога эга, миллий анъаналар ва замонамиз уйғунлигида акс этган асарларини кўриш бизни ҳамиша ҳайратга солади”, деб ёзади Мирзиёева.
Бадиий академияда Саида Мирзиёева ва унинг ўғлига Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва Маданият вазири ўринбосари – рассом Акмал Нурнинг рафиқаси Камола Оқилова пешвоз чиққан.
Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлар орқали ёзган хабарида Акмал Нур ўғли Миромоннинг устози эканини очиқлади.
⠀
“Уста рассом ажойиб устоз эканини ҳам алоҳида таъкидламоқчиман. Ўғлим, қадрли Миромоннинг ижоди бунга ёрқин мисолдир. У 9 ёшлигидан тасвирий санъатга қизиқади ва бугунги кунда Акмал Нур раҳбарлигида рассомлик сирларидан сабоқ олмоқда. У киши Миромоннинг устози экани биз учун шараф. Устозининг ўгитлари туфайли ўғлим ўз маҳоратини тобора оширмоқда, ранг ва шакл туйғусини ривожлантириб, асар мавзуси ва сюжетини мустақил равишда танламоқда. Миромон эса, ўз навбатида, устози билан ғоят фахрланади”, дейди Мирзиёева.
У сўзлари сўнгида рассом Акмал Нурга миннатдорлик билдирган ва ўғли томонидан турли йилларда чизилган тасвирий санъат асарларининг суратини тақдим этган.
LiveБарчаси