Президентнинг махсус вакили “Толибон” ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилгани ҳақида гапирди 

Жамият 15317
image

Тошкент Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилингани ҳақида маълумотга эга эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди, дея ёзмоқда “Спутник” нашри. 

Қайд этилишича, Валдай клуби конференцияси чоғида Исматулла Иргашев ўзбек тилининг расмий мақоми ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарган:

“Афғонистоннинг янги ҳукумати томонидан ўзбек тилининг расмий мақоми бекор қилингани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Балки, бу мамлакатнинг янги конституциясини тайёрлаш туфайли вақтинчалик чорадир”. 

Шунингдек, Исматулла Иргашев конференция доирасида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида озиқ-овқат ва дори-дармонлар етказиладиган автомобиль ва темир йўл алоқалари тикланишини маълум қилган. 

Бундан ташқари, Президентнинг махсус вакили икки давлат ўртасидаги чегара фақат, пандемия туфайли ёпилганини ва бунга бошқа омиллар сабаб бўлмаганини қайд этган. 

“Толибон” Ўзбекистон ва Россия Афғонистонга қўшни давлат сифатида ёрдам беришидан умидвор. РФ ва Ўзбекистоннинг ушбу масаладаги ёндашувлари бир хил”, дейди Иргашев.   

Эслатиб ўтамиз, бир қатор рус ОАВ ўз манбаларига таяниб, толиблар Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилгани ҳақида ёзган эди. Бироқ, бу расмий маълумот ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” билан илиқ алоқаларга эга. 

Маълумот ўрнида, аввал ҳам “Толибон” Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилгани ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритиб, мамлакат “Толибон” расмийлари билан доимий алоқада экани ҳамда ўзбек тили расмий тил сифатида қолиши ҳақида хабар берганди. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 414
Рейтинг: 3
t
×