“Толибон” ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилди – ОАВ
Жамият
−
18 Сентябрь 2021
33589“Толибон” Афғонистон учун вақтинчалик қонун чиқарди. Унга кўра, янги бошқарув тизими ўрнатилади ва қонун ҳужжатларида илгари мустаҳкамланган учта тил ўрнига иккита расмий тил қолади. Бу ҳақда РИА Новости ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
“Асослар”, деб номланган ушбу қонун ҳужжатида Афғонистоннинг расмий дини – Ислом, Суннийлик йўналишининг Ҳанафий мазҳаби, шунингдек, мамлакатнинг расмий тиллари сифатида пушту ва дари кўрсатилган. Аввалроқ, Афғонистонда ушбу икки тил билан бир қаторда ўзбек тили ҳам расмий мақомга эга эди. Асосан шимолий вилоятларда ўзбек тили кўп қўлланилади.
Ҳужжатга кўра, Афғонистонда ислом ҳуқуқшунослари мажлиси ва олий кенгаш тузилади, унга ҳар бир вилоятдан сиёсатчилар, олимлар ва руҳонийлар киради.
Ижроия ҳокимият бошлиғи – Президент, уни фуқаролар ва олий кенгаш аъзолари сайлайди. Сайловнинг очиқлигини таъминлаш учун сайлов комиссияси тузилади. Агар олдинги ҳукумат даврида Афғонистон Миллий Ассамблеяси вакиллари депутатлик дахлсизлигидан фойдаланган бўлса, янги ҳукумат даврида улар бундай ваколатдан маҳрум этилган.
Қайд этилишича, “инглизлар, руслар ва америкаликлардан мустақилликка эришилган кун” байрам сифатида ҳар йили нишонланади.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам “Толибон” Афғонистонда ўзбек тилининг расмий мақомини бекор қилгани ҳақида турли хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритиб, мамлакат “Толибон” расмийлари билан доимий алоқада экани ҳамда ўзбек тили расмий тил сифатида қолиши ҳақида хабар берганди.
LiveБарчаси