Трампнинг президентликка ўз номзодини қўйиши Украинанинг зарарига ишлайди

Олам

image

НАТОнинг собиқ Бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг фикрича, АҚШнинг собиқ етакчиси Дональд Трампнинг бўлажак сайловларда АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод сифатида кўрсатилиши Вашингтоннинг Киевга ёрдам жўнатишини қийинлаштиради. Бу ҳақда у кеча, 15 март куни “Politico” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Агар Трамп АҚШ президентлигига номзод сифатида кўрсатилса, мен буни геосиёсий фалокат деб атаган бўлардим, чунки сайлов кампанияси давомида унинг таъсири ҳалокатли бўлади”, дейди Расмуссен. 

Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлардаги социологик сўровлар натижалари америкаликлар орасида Украинани қўллаб-қувватлаш заифлашганини кўрсатган. Агар Трамп Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлса, бу жараён тезлашади.

“Унинг ғоялари Америка жамиятининг маълум бир қисми учун жозибадор бўлишининг ўзи АҚШ сиёсатини нотўғри йўналишга олиб боради”, дейди Расмуссен.

Собиқ НАТО Бош котибининг сўзларига кўра, Трамп Украина бўйича “таслим бўлиш”га олиб борувчи курсни қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам у республикачилар бўлажак президентлик сайловларида АҚШнинг жаҳон сиёсатидаги етакчи ролига Трампдан кўра кўпроқ мойил бўлган номзодни кўрсатишига умид билдирган.

Маълумот учун, Расмуссен ҳозирда Украина ҳукумати маслаҳатчиси бўлиб, Киев манфаатлари йўлида лоббичилик фаолияти билан шуғулланади. У Вашингтон маъмурияти ва АҚШ қонунчиларидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни, шунингдек, унга узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини тақдим этишни сўраб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йилнинг ноябрига белгиланган. Оқ уйнинг собиқ раҳбари Дональд Трамп ўз номзодини 2022 йил ноябрида эълон қилган эди. АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли ҳам Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашаётганини маълум қилган. Шунингдек, АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни, ҳуқуқшунос ва сиёсатчи кичик Роберт Кеннеди 2024 йилги президентлик сайловларида демократлар партиясидан ўз номзодини кўрсатишини айтган. Амалдаги Президент Жо Байден ҳам қайта сайланишга умид қилаётганини билдирган. Бундан ташқари, собиқ вице-президент Майк Пенс ҳам сайловларда республикачилар партиясидан ўз номзодини кўрсатишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Украина президентлик сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг