Президент Жайхун Байрамов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 август куни пойтахт Тошкентдаги Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия вазирларининг биринчи кўп томонлама учрашуви тадбирларида иштирок этаётган Озарбайжон Республикаси делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Озарбайжон томонидан Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов, иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ҳамда рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашад Набиев қатнашди.

Уч давлат етакчиларининг келишувларига мувофиқ Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган.

Томонлар яқинда ўтган олий даражадаги учрашувдан сўнг сезиларли муваффақиятларга эришилганини мамнуният билан қайд этган. Ўтган ойда нефть-газ ва кимё тармоқларида, ипакчилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида, шунингдек, миллий индустриаллаштириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни илгари суриш учун делегацияларнинг ўзаро ташрифлари фаол давом эттирилган.

Куни кеча Тошкент шаҳрида икки томонлама Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилган.

Бугун эса уччала мамлакатнинг ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг учрашувида, энг аввало, минтақада самарали транспорт коммуникацияларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган.

Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликка доир лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш, шу жумладан Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция фондини ташкил этиш, ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш, биринчи Ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмасини ўтказиш, эркин иқтисодий зоналар негизида кооперация учун шароитлар яратиш муҳим эканини алоҳида таъкидлаган.

Жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Озарбайжон Шавкат Мирзиёев Жайхун Байрамов

Баҳолаганлар

19

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг