Президент Жапаров ўғли билан журналистлар кўз олдида эмланди (видео)

Олам 8810

Бугун, 23 июль куни “Бишкек Парк” савдо мажмуасида жойлашган эмлаш марказида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров коронавирусга қарши эмланди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ёзмоқда.

Қайд этилишича, жараёнга оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган. Улар Президент Жапаровга Хитойнинг “Sinopharm” препарати юборилишининг гувоҳи бўлган.

“Видеолавҳага кўра, Президентга вакцина юборган ҳамшира қўлқопда эди. Бироқ мамлакат Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазири Олимқодир Бейшеналиев вакцина олганида ҳамшира қўлқопда эмасди”, дея ёзади “Кактусмедиа”.

Давлат раҳбари оммавий ахборот воситаларига ҳозирда Қирғизистонда қанча вакцина борлигини айтиб, барчани эмлаш марказларига келишга чақирган. Қайд этилишича, вакцинани Садир Жапаровнинг ўғли Рустам ҳам олган.

Хабарга кўра, Президент эмлаш марказини тарк этаётганида маҳаллий аёллардан бири Жапаровдан бирга расмга тушишни сўраган. Давлат раҳбари ҳам бундан бош тортмаган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россиянинг коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинаси билан эмланган. Қайд этиш керакки, Владимир Путиннинг ўзи ҳам ушбу вакцинани олган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 159
Рейтинг: 3
t
×