Президент Янги Тошкентда мусиқали фаввора лойиҳаси билан танишди
Жамият
−
24 Март 4828 2 дақиқа
Бугун, 24 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган фаввора мажмуаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда аҳоли учун замонавий жамоат маконлари, кўнгилочар ва маданий ҳордиқ масканларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу каби лойиҳалар шаҳарлар қиёфасини бойитиш, аҳоли учун қулай дам олиш муҳитини яратиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий меҳмонлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Янги Тошкентда қарийб 8 гектардан иборат майдонда мусиқали фаввора мажмуаси барпо этиш режалаштирилган.
Лойиҳага кўра, сув юзасининг умумий майдони 6,3 гектарни ташкил этадиган ҳавзада 1,5 гектар майдонда сув, мусиқа ва ёруғлик уйғунлигидаги шоуларни ўтказиш имконини берадиган фаввора барпо этилади. Мажмуа таркибида сувни 232 метр баландликкача ота оладиган супер фаввора, диаметри 100 метрли сузувчи платформа бўлади.
Фаввора радиуси 185 метр бўлган, 360 даражали сув экранини ҳосил қилиш ҳамда унинг юзасида турли тасвирларни проекция қилишга қодир бўлади.
Шунингдек, юқори қувватли лазер нурлари, динамик сув композициялари ва турли визуал эффектлардан фойдаланиш режалаштирилган. Насос, электр, лазерли проекция ва бошқа техник тизимлар ер остидаги икки қаватли иншоотда жойлаштирилади.
Сув ҳавзаси атрофида яшил ҳудудлар ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу мажмуа Янги Тошкентнинг энг диққатга сазовор жойларидан бирига айланиши, шаҳарнинг меъморий қиёфасини бойитиши ва турли маданий тадбирлар, байрам ҳамда фестиваллар учун яна бир замонавий маскан бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Давлат раҳбари лойиҳанинг мазмун-моҳияти, техник ечимлари ва ҳудудни комплекс ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Бу ерга ташриф буюрувчилар учун замонавий савдо, овқатланиш ва сервис хизматларини сифатли ташкил этиш муҳимлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, айни ҳудудда жорий йилги Мустақиллик байрами муносабати билан шоу тадбирларини юқори савияда ўтказиш зарурлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган йирик спорт иншооти – замонавий футбол стадионининг қурилиш жараёнини кўздан кечирганди.
Live
Барчаси