Президент ва оиласини танқид қилган журналист озодликка чиқди
Олам
−
04 Март 2019
31540Аввалроқ, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси – мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева, қолаверса, кўплаб амалдорлар фаолиятини ҳазиломуз танқид остига олган блогер Меҳмон Ҳусейнов ҳибсда сақланаётгани ва 2018 йил охирида унга янги айблов қўйилгани, бунга жавобан Ҳусейнов очлик эълон қилгани, мамлакат пойтахтида эса Ҳусейнов озодлигини сўраб намойиш ўтказилгани ҳақида хабарлар берган эдик.
Жорий йилнинг 2 март куни блогер Меҳмон Ҳусейнов озодликка чиқди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда. Уни қамоқхона остонасида яқинлари, оила аъзолари ва бир қатор журналистлар қаршилаган.
У қамоқхонадан чиқибоқ, ўз онаси қабри бошига борган. Сўнг озарбайжонлик марҳум журналист Эльмар Ҳусейновнинг қабрини ҳам зиёрат қилган.
“Бу мен учун жуда муҳим эди. Мен яна тўғри йўлдаман”, дейди Ҳусейнов.
Маълум қилинишича, бугун, 4 март куни Меҳмон Ҳусейнов ОАВ вакиллари билан учрашиб, матбуот анжумани ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, Меҳмон Ҳусейнов атрофидаги машмашалар 2017 йилнинг январь ойида бошланган эди. Аввалига блогер Бакунинг марказий кўчаларидан бирида полицияга қаршилик кўрсатгани учун ҳибсланди. Суд унга 200 манат (120 АҚШ доллари) жарима тайинлади. Жаримани тўлаш учун Меҳмон Ҳусейнов акция ташкил этиб, одамлардан тангаларни йиға бошлади.
Орадан кўп ўтмай унга полиция билан бўлган келишмовчилик вақтида ҳуқуқ ходимини ҳақоратлаган деган тамға қўйилиб, 2017 йилнинг март ойида икки йил озодликдан маҳрум этилди. 2019 йилнинг март ойида у қамоқдан чиқиши керак эди. Бироқ, 2018 йилнинг 28 декабрь куни Ҳусейновнинг қамоқхона назоратчисини дўппослагани иддао қилинди ва янги айблов қўйилди. Ушбу айблов ортидан у 5 йилдан 7 йилгача ҳибсланиши мумкин. Бунга жавобан Меҳмон Ҳусейнов очлик эълон қилганди.
LiveБарчаси