Президент Урганчдаги технопаркда бўлди
Жамият
−
12 Декабрь 2020
6629Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 12 декабрь куни Урганч шаҳридаги технопаркда бўлди.
Ҳудудлардаги "ўсиш нуқталари"ни ишга солиш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида барча шаҳар ва туманларда кичик саноат зоналари, технопарклар ташкил этилмоқда.
"Урганч" технопарки жорий йил май ойида фойдаланишга топширилган эди. Қисқа вақтда бу ерда иккита корхона фаолият бошлади. Улар кийим-кечак ишлаб чиқарувчи "Oq oltin mega tekstil" ҳамда металлдан турли маҳсулотлар тайёрлайдиган "Great Khorezm” ширкатларидир.
Президент текстил корхонаси маҳсулотларини кўздан кечирди.
Мазкур ширкатга Германия, Италия, Туркия каби давлатлардан келтирилган тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилган. Болалар ва катталар кийимлари, жинси шим каби 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 75 фоизи экспортга йўналтирилмоқда.
Корхонада Урганч ва Хива шаҳарлари, Янгиариқ, Хонқа ва Урганч туманларидан 400 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Президент улар билан суҳбатлашди.
"Сизларни кўрганимдан, мана шундай ҳунар эгаллаб, ўзларингга ёққан фабрикада ишлаётганларингдан хурсандман. Одамларни, айниқса, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш бўйича катта ҳаракатлар қиляпмиз. Бугун-эрта Хоразмда юриб, маблағлар бериб, режалар тузишдан мақсад ҳам шу", дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент уйда ўтирган аёлларни касаначилик асосида ҳам ишга жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Бугунги кунда технопаркнинг қолган блокларига ҳам ускуналар олиб келинмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, йилига қарийб 87 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши, 5,8 миллион долларлик экспорт қилиниши мўлжалланган.
Шу ерда Хива шаҳри ва Гурлан тумани мисолида инфратузилмани яхшилаб, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш лойиҳалари муҳокама қилинди.
LiveБарчаси