Президент UNWTO Бош котибини қабул қилди
Жамият
−
16 Октябрь 2023
3996Бугун, 16 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш доирасида мамлакатда бўлиб турган БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг Бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, учрашувда Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, Ўзбекистонга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда UNWTO Бош Ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлган.
UNWTO Бош котиби Ўзбекистон Президентига туризм соҳасининг жорий йилги бош халқаро тадбири юксак савияда тайёрланиши ва ташкил этилишига кўрсатилган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирган.
“Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этаётгани глобал ва минтақавий туризм марказларидан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Бош Ассамблея доирасида туризм соҳасидаги етакчи компаниялар, олий таълим муассасалари ва ташкилотлар иштирокида инвестиция ва таълим форумлари ҳам бўлиб ўтади. Улар якунида мазкур йўналишлар бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан аниқ шартнома ва битимлар имзоланиши кутилмоқда. Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинган.