Президент тиббиёт тизими янгича тамойилда молиялаштирилишини айтди

Жамият

image

Соғлиқни сақлаш тизими асосан касалликларни даволашга эмас, энг аввало, уларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши зарур. Бу Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида айтиб ўтди.

“Аслида, жаҳон тиббиётида касалликлар профилактикаси – энг устувор йўналиш ҳисобланади. Бу борада, Сирдарёда бошланган тажриба, тиббиёт соҳасидаги кўплаб камчиликларни очиб берди”, дейди Президент.

Қайд этилишича, вилоятдаги туман ва шаҳар шифохоналарида турли асаб касалликлари, сурункали бронхит, осте-хондроз каби дарди бор беморлар стационар шароитда даволанмоқда. Ваҳоланки, улар туну кун шифокор назоратига муҳтож эмас.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Сирдарёдаги шифохоналарда ётган беморларнинг 30-40 фоизини амбулатор шароитда даволаш мумкин. Бу – касалхоналарнинг самарасиз харажатларини 40 фоизга қисқартириш имконини беради.

Шунингдек, у бирламчи бўғинда маблағларнинг асосий қисми иш ҳақига сарфланиб, тиббий ёрдам кўрсатишга атиги 10 фоизи қолаётганига тўхталиб ўтди.

“Шу боис, Гулистон шаҳридаги Республика шошилинч ёрдам илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонасини, унга туташ ёки атрофида жойлашган 10 га яқин тор соҳадаги тиббиёт муассасаларини ягона кластерга бирлаштиришга қарор қилдик.

Бошқа ҳудудларда ҳам, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини пухта ўрганган ҳолда, бир йўналишдаги шифохоналардан воз кечиб, мавжуд шифохоналар негизида, кўп тармоқли клиникалар ташкил этилади”, дейди Мирзиёев.

Президентнинг сўзларига кўра, бундан буён тиббиёт тизими “маблағни бевосита беморга сарфлаш” деган тамойил асосида молиялаштиришга ўтилади.

“Бундан ташқари, йил якунига қадар Сирдарёда тиббий суғурта тизимини тўлиқ йўлга қўйиб, келгуси йилларда барча ҳудудларда жорий этамиз.

Шу билан бирга, бутун республикада амал қиладиган ягона клиник протоколлар, кўрсатмалар ва стандартлар ишлаб чиқилади”, дейди Президент Мирзиёев.

Янгиликлардан яна бири тиббиёт соҳасида ягона тиббий маълумотлар базаси, “электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизими яратилиши бўлади. Тиббий-иқтисодий, статистик ва аналитик таҳлилларни ўтказиш имконини берадиган Миллий тизим жорий этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

66

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг