Президент Саида Раметова, Карим Мирҳодиев ва Тоҳир Сайидовни ҳам мукофотлади
Маданият-санъат
−
23 Август 35040 2 дақиқа
Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, кино ва театр актёри Карим Мирҳодиев, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Саида Раметова ҳамда Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Тоҳир Саидов “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақдаги фармонга бугун, 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзо чекди.
Қайд этилишича, улар Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, ўзининг ёрқин истеъдоди, кенг қамровли илмий-ижодий ва амалий фаолияти билан халқнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.
Маълумот учун, Саида Раметова машҳур ўзбек актрисалардан бири бўлиб, у кўплаб кино ва сериалларда иштирок этган. У 1995 йилда “Бомба” фильмида Жамила – милиционер Ортиқнинг хотини сифатида эпизодик роль ўйнаган. 2004 йилда “Сарвиноз” фильмида Марям опа образида пайдо бўлган. 2008 йилда суратга олинган машҳур “Суперкуёв” фильмида эса Мунира опа – Сардорнинг онаси роли билан катта эътибор қозонган. Кейинги йилларда ҳам у кўплаб фильмларда асосий ролларни ижро этган, масалан, 2010 йилда “Учар қиз” фильмида бош ролни ижро этган, “Мажруҳ” фильмида Фарухнинг онаси сифатида экранга чиққан. “Фаришта” фильмида Саида опа ролини ўйнаган. У 2021 йилда халқаро лойиҳа “Мендирман Жалолиддин” сериалида ҳам иштирок этган. Умуман олганда, Саида Раметова 80 дан ортиқ кино ва сериалларда турли образларни яратиб, ўзбек киносининг энг севимли актрисаларидан бирига айланган.
Карим Мирҳодиев 1954 йил 29 июлда Бухорода туғилган. У Тошкентдаги Островский номидаги Давлат театр-ва рассомлик институтида ўқиган, кейинчалик Аброр Ҳидоятов номидаги театрда (собиқ Ёш гвардия театри) хизмат қилган ва 60 дан ортиқ театр ролларини ижро этган. 2001 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилган.
Тоҳир Саидов 1965 йилда Хоразм вилоятида туғилган. У ўзбек театр ва кино актёри. У ўз фаолиятини 1991 йилда Ўзбек миллий академик драма театрида бошлайди ва олтмишдан ошиқ спектаклларда турли образларни ижро этади. Тоҳир Саидовни халққа танитган роли бу “Кўнгил кўчалари“ сериалидаги “гадой” образи бўлган. Ушбу сериалдан ташқари актёр яна “Шайтанат” ва “Сардор” каби сериалида, шунингдек “Сўғдиёна”, “Чавандоз” ҳамда “18 Квадрат” каби 20 дан ошиқ фильмларда ҳам роль ижро этган. Тоҳир Саидов ўзининг санъат соҳасидаги узоқ йиллик фаолияти орқали 2005 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист“ унвони билан мукофотланган.
Live
Барчаси