Президент ривожланишдан 10 йил орқада қолаётган вилоят қайси эканини айтди

Жамият

image

Бухоро вилояти Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига нисбатан ривожланишда 10 йил ортда қолмоқда. Вилоятда коррупция, порахўрлик урчиган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўз очди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда. Бугун, 22 январь куни Мирзиёев раислигида Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари бўйича маъруза қилди.

“Бухоронинг бугунги ривожи маъқулми, деган саволга менинг жавобим: йўқ. Бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти. Коррупция, порахўрлик барҳам топмаяпти. Ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалиги улуши 50 фоиз экани эски замондан нишон. Саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик бўйича вилоятнинг имкониятлари жуда кенг. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг дунёқараши ўзгариши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилиши таъкидланди.

“Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади – маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради”, дейди давлат раҳбари.

Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳ юборилган, шаҳар ва туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилди.

Президент Матбуот хизматининг қайд этишича, вилоятда мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири ўрганилиб, 333 таси “қониқарли”, 182 таси “ўрта” ва 29 таси “паст” ривожланиш тоифаларига ажратилган. Аҳолига даромад манбаи яратиш захиралари аниқланган.

Давлат раҳбари ўз нутқида ишсизлик муаммосига алоҳида тўхталган. Янги иш ўринлари очиш ва ўз-ўзини банд қилувчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берган. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Эндиликда ҳар бир туманда биттадан касб-ҳунар мактаби танлаб олиниб, унинг базасида мономарказлар ташкил этилади, маҳаллабай ўрганиш натижаси ўлароқ ишсизлар, ёшлар ва аёллар талаб юқори касбларга ўргатилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти

Баҳолаганлар

445

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг