Президент пахтачилик бўйича йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Бугун, 27 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев пахтачиликдаги долзарб вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Инновацион ривожланиш вазири, Пахтачилик кенгаши раиси Иброҳим Абдураҳмонов кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳисобот берган.

Унда айтилишича, кенгаш аъзолари олим ва мутахассислар билан бирга Қуйичирчиқ, Сайхунобод, Навбаҳор, Нарпай, Вобкент ва Қоракўл туманларига бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганган. Жумладан, уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилгани аниқланган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.

Йиғилишда бундай ҳолатда ғўзани парваришлаш ва ҳосилдорликни таъминлаш бўйича тавсия ва кўрсатмалар айтиб ўтилган. Уларни барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича “долзарб 30 кунлик” эълон қилинган.

Кластер ва фермерларнинг даласига бориб, илмий ёндашув ва янгиликларни тушунтириш зарурлиги таъкидланган.

“Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт”, деган Шавкат Мирзиёев.

Вилоят ҳокимлари ушбу долзарб кунларда қилинадиган ишлар бўйича ахборот берган.

Маълумот учун, пахтачилик қишлоқ хўжалиги ва аҳоли бандлигида алоҳида ўрин тутади. Шу боис Президент ташаббуси билан пахта етиштиришда кластер тизими жорий этилган. Ушбу тизим натижасида 350 га яқин йирик фабрика ишга туширилган. Беш йил аввал мамлакатда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоиз ўзимизда қайта ишланмоқда.

Сўнгги йиллардаги иқлим ўзгаришлари пахтачилик олдига янги вазифалар қўймоқда. Хусусан, бу йилгидай аномал иссиқ илгари ҳеч қачон бўлмаган. Ўн кундан бери Ўзбекистонда кундузги ҳарорат 43 градусдан юқори бўлмоқда. Кечки пайт ҳам кам эмас.

Бу пахтачилик учун фавқулодда вазият. Лекин барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарур. Бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш керак.

Шу маънода, давлат раҳбарининг “Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Пахтачилик кенгаши тузилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент йиғилиш

Баҳолаганлар

234

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг