Президент мулкка оид муҳим ҳужжат имзолади: ҳоким ва прокурорлар энди ерни тортиб ололмайди
Жамият
−
24 Август 2022
12178Мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини оширишга қаратилган Ўзбекистон Президенти фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Фармон билан халқнинг, тадбиркорларнинг ва ҳар бир инсоннинг ўз мулкига эркин эгалик қилиши ва ундан фойдаланишига тўсқинлик қилаётган кўплаб тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди. Жумладан:
1) эндиликда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (протест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Давлетовга кўра, охирги 2,5 йилда ҳокимларнинг қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ошиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар уларнинг ўзи ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан, прокурор протестлари асосида суд қарорисиз бекор бўлган.
2) бундан буён юридик шахс тугатилганда, унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқлари бекор қилинмайди ва ер давлат захирасига қайтариб олинмайди. Аксинча, ушбу ерлар тугатилаётган юридик шахс муассисларига ўтади;
3) ердан ихтиёрий воз кечиш (айниқса фермерлар томонидан) нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланмоқда, бунда ҳоким томонидан қарор қабул қилиш талаби бекор қилинмоқда.
Сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси (2,6 млн гектар) “ердан ихтиёрий воз кечилганлиги ҳақидаги ариза”га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган, дейди вазир.
4) мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Давлетовнинг сўзларига кўра, охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган;
5) кўчмас мулк бўйича давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар (Торренс тизими) ҳамда турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар қопланиши белгиланмоқда. Бу мақсадда махсус жамғарма фаолият юритади;
6) ҳозирда 20 дан ортиқ давлат органлари судларда фуқароларга нисбатан мулкий даъволар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинган. Эндиликда уларнинг сони қисқартирилиб, имтиёзидан фойдаланган ҳолда етарли асослар бўлмаса ҳам судларга даъволар киритиш ҳолатларига чек қўйилади.
Маълумот учун, сўнгги 2,5 йилда давлат органлари томонидан киритилган даъволарнинг 42 фоизи рад қилинган ёки кўрмасдан қолдирилган.
Фуқаролар эса ўз мулкини ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволари бўйича давлат божидан озод қилинади;
7) шахсга нафақат ўзининг ҳаётини, балки ўз мулкини ҳам ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилади (қонунда белгиланган чегарада).
Давлетовнинг таъкидлашича, шахснинг тергов давомида мулкини хатлаб қўйиш ҳам судлар ваколатига берилиши эса “Хабеас корпус” институтини янада кенг жорий этишга хизмат қилади.
Адлия вазирлигига эса юқорида келтирилган янги тартибларни назарда тутувчи “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
“Бу фармон устида узоқ ишланди, 3 ой ишлаб чиқишга, 5 ой вазирликлар билан келишишга сарфланди. Чунки ундаги янгиликлар жуда жиддий.
Ўйлаймизки, ушбу фармон мулк ҳуқуқини юксак қадрият сифатида давлат органлари тизимида тўлиқ рўёбга чиқаришга катта ҳисса қўшади ва мулкий ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланишига бўлган ишончни мустаҳкамлайди”, дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов.
LiveБарчаси