Президент мактабларига ўқувчилар қабули бир йилга кечиктирилди

Жамият 5472
image

Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади. Бу ҳақда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Бу йилги қабул юзага келган пандемия вазиятидан келиб чиқиб, карантин даврида ёш авлод соғлигини асраш, пандемия бутунлай бартараф этилмаган шароитда вояга етмаган ўқувчиларнинг катта сиғимли биноларда саралаш имтиҳонлари вақтида узоқ вақт қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслиги, шунингдек, хорижий ҳамкор – Cambridge Assessment ташкилоти вакилларининг мамлакатга карантин даврида ташрифини белгиланган саналарда ташкил этиш имкони йўқлиги сабабли бекор қилинган.

Бухоро, Жиззах, Қарши, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида очиладиган Президент мактабларига (бешинчи синфдан ўнинчи синфгача) ҳамда жорий йилда очилиши режалаштирилган Сурхондарё вилоятидаги Рўзи Чориев ва Бухоро вилоятидаги Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактабларига (еттинчи синфдан) ўқувчилар қабули келгуси йилда ўтказилади.

Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларида фаолият юритаётган Президент мактабларига 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни бешинчи синфларга қабул қилиш имтиҳонлари 2021-йилга қолдирилиб, 2021/2022 ўқув йилида ўқувчилар бешинчи ва олтинчи синфларга қабул қилинади.

Ҳукумат қарорига биноан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ижод мактабларига қабул еттинчи синфдан амалга оширилади. Бугунги кунга келиб, мавжуд ижод мактабларидаги синфлар контингенти тўлиқлигини инобатга олган ҳолда, 2020/2021 ўқув йилида янги синфлар очилиши назарда тутилмаган.

Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар, яъни Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номларидаги ихтисослаштирилган мактабларга 2020/2021 ўқув йилига ўқувчиларни қабул қилиш масаласига оид маълумот тегишли ўрганишлардан сўнг маълум қилинади.

Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар қабули учун саралаш имтиҳонлари вақтларига ўзгартиришлар киритилган ҳолатда, Агентлик қўшимча маълумот бериб боради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 83
Рейтинг: 3
t
×