Президент Маккадаги ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олди (видео)

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 31 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари Ҳаж зиёрати учун Маккаи мукаррамада бўлиб турган ўзбекистонликлар учун яратилган шароитлар, нуронийларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Муфтий ҳазратлари Ҳаж амалларини сидқидилдан, мукаммал адо этиш учун барча ташкилий чоралар кўрилганини таъкидлади.

Айни пайтда 15 минг нафар ўзбекистонлик ҳожиларнинг барчаси Саудия Арабистонига етиб борган. Уларга 300 дан ошиқ гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, 10 дан зиёд ошпазлар ва бошқа мутахассислар ҳамроҳлик қилмоқда.

Қайд этилишича, бу йил, Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.  

“Бир сўз билан айтганда, бу йилги ҳаж мавсумига янада юқори даражада тайёргарлик кўрилиб, барча зарур шароитлар ҳозирланди. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқда”, дейилади хабарда.

Муфтий Нуриддин Холиқназар Президентга улуғ ибодат файзи билан юрган ҳожиларнинг саломи ва дуоларини етказди. Давлат раҳбари барча зиёратчиларга салом йўллаб, Ўзбекистонга соғ-омон келишларини тилади. 

Суҳбат самимий ва кўтаринки руҳда ўтган. Ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатишларига умид билдирилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ҳаж Макка Нуриддин Холиқназар ҳожилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг