Президент хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 апрель куни жорий йилнинг биринчи чорагида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш, биринчи ярим йилликка доир вазифаларни белгилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Кейинги йилларда вазирлар ва тармоқлар раҳбарлари ҳудудларга юборилиб, жойларда янги корхоналар ва доимий иш ўринлари ташкил этишни таъминлайдиган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш бўйича янги тизим яратилди. Инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кўплаб имтиёз ва енгилликлар жорий этилди.

Хорижий давлатлар ва халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатга ўнлаб миллиард доллар инвестиция жалб этиш бўйича 700 га яқин инвестиция битимлари имзоланди.

Бундай чора-тадбирлар натижаси ўсиш суръатларида кўзга ташланмоқда. Хусусан, ўтган йили асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 фоиздан зиёд ўсган. Бу, ўз навбатида, саноат ишлаб чиқаришининг 14,4 фоизга кўпайишини таъминлаган.

Муҳим сифат ўзгариши шундаки, илгари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида ҳудудий лойиҳалар деярли бўлмаган бўлса, жорий йилда ўзлаштириладиган тўғридан-тўғри хорижий сармояларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келади.

2019 йилги Инвестиция дастурига мувофиқ жами 3 минг 200 дан зиёд инвестиция лойиҳаси доирасида қарийб 14 миллиард доллар миқдоридаги капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Шундан 4 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. 

Йиғилишда мазкур инвестиция лойиҳалари тармоқлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Муддатидан кечикаётган лойиҳаларнинг муаммоли жиҳатлари муҳокама қилинди. 

Биринчи чоракда белгиланган маблағлар ўзлаштирилган бўлса-да, айрим тармоқлар ва ҳудудларда ишлар қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзавтосаноат”, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятлари, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раҳбарлари, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарлари огоҳлантирилди.

Давлат раҳбари инвестицияларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш учун янги назорат тизимини жорий этишни таклиф қилди. Унга кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳалар тўртта рўйхатга бўлиниб, алоҳида ва изчил назорат қилиб борилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Инвестиция

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг