Президент Хайрулла Саъдиевни 80 ёшни қаршилагани муносабати билан мукофотлади
Маданият-санъат
−
06 Декабрь 2020
22013Бугун, 6 декабрь куни Ўзбекистон халқ артисти, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби, Хайрулла Саъдиев Президентнинг фармонига мувофиқ "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Хайрулла Саъдиевнинг 80 ёшга тўлгани муносабати билан тадбир бўлиб ўтган. Устоз санъаткорга айнан мана шу тадбирда унвон топширилган.
Тадбирда Президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, “Ўзбеккино” МА Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда санъат ва маданият соҳаси зиёлилари иштирок этган.
Маълумот ўрнида, Хайрулла Саъдиев 1940 йил 6 декабрда Тошкентда таваллуд топган. У 1963 йил Ўзбекистон давлат театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. У 1980 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1990 йил Ўзбекистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган. 2005 йил эса "Меҳнат шуҳрати" орденининг соҳиби бўлди.
Хайрулла Саъдиев саҳнада ва экранда бир қатор эсда қоларли роллар ижро этди. Жумладан, "Таъзиядаги тўй", "Учар отлар", "Ойқиз эртаги", “Аросат”, “Шайтанат”, “Чашма”, "Йўқолган одам", "Тўйлар муборак", “Ўтов”, "Иблис девори" каби фильмлардаги роли ўзбек халқига яхши таниш.
LiveБарчаси