Президент Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўзбекистонликларни табриклади 

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июль куни Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ўзбек халқига табрик йўллади. Бу ҳақда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари аввало, бутун Ўзбекистон халқини мамлакатда кенг нишонланаётган қутлуғ айём – Халқлар дўстлиги куни билан самимий муборакбод этган.

“Ҳеч шубҳасиз, ушбу қувончли байрамда кўп миллатли халқимизнинг олижаноб интилишлари, амалий ҳаракатлари билан жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлар ва динлараро дўстлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлик бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз эканини янада чуқур ҳис этамиз”, деган Президент.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандлари каби аҳил ва иноқ яшаб, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаябди. 

“Ғоят ноёб ижтимоий ҳодиса бўлган бундай миллий-маданий хилма-хиллик Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин ва фаровон яшайдиган инсонпарвар давлат сифатидаги ўрни ҳамда нуфузини оширишда муҳим роль ўйнамоқда”, дейди давлат раҳбари.

Мамлакат етакчисининг сўзларига кўра, кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликнинг ўзига хос ибратли модели яратилган бўлиб, мазкур ҳолат фахрланарли ишдир.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда миллатлараро муносабатлар соҳасида амалга ошираётган ишлар кўлами тобора кенгайиб, сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада қабул қилинган 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати концепцияси ушбу фаолият самарасини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Кейинги йилларда кўркам биноларда фаолият юритаётган 157 та миллий маданий марказ ва 46 та дўстлик жамиятининг моддий-техник базаси мустаҳкамланган. Ушбу масканларда ўтказилаётган умуммиллий байрамлар, дўстлик кечалари, фестиваль ва учрашувлар мамлакатнинг маданий қиёфасини белгилайдиган муҳим маърифий тадбирларга айланиб бормоқда.

Шунингдек, Ўзбекистондаги таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 тилда олиб борилмоқда, қардош тиллардаги мактаблар давлат ҳисобидан дарслик ва адабиётлар билан таъминланмоқда. Телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.

“Ўтган йили Халқлар дўстлиги куни арафасида пойтахтимизда очилган миллий маданий марказларнинг павильони халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилиб, кўплаб хорижлик меҳмонлар ҳам ташриф буюрадиган масканга айланди”, деб таъкидлаган Президент.

Қайд этилишича, пойтахтдаги “Янги Ўзбекистон” парки ҳудудида “Бағрикенглик боғи”, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда этно ва сайёҳлик қишлоқлари ташкил этилган.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, турли миллатга мансуб ўзбекистонликлар орасида ўнлаб депутат ва сенаторлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, бизнес вакиллари муносиб фаолият кўрсатаётгани, уларнинг 2 минг нафарга яқини Ўзбекистоннинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирлангани мамлакатда ҳукм сураётган ижтимоий тенглик, адолат ва инклюзивликнинг амалий намунаси ҳисобланади.

“Бепоён Марказий Осиё минтақаси халқларининг қадимдан муштарак мақсадлар асосида яшаб, меҳнат қилиб, тараққиёт борасида қандай улкан натижаларга эришганлари, бундай эзгу анъаналар кейинги йилларда янада кучайиб, янги босқичга кўтарилаётганини барчамиз кўриб турибмиз.

Биз қўшни давлатлар билан дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларимизни мустаҳкамлаб, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантирмоқдамиз.

Халқларимиз ўртасида эркин борди-келдилар, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб, янгича маъно-мазмун билан бойиб бораётгани, бундай ҳаётбахш жараёнларда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни ва ҳиссаси борлиги айниқса диққатга сазовор”, деб таъкидлаган мамлакат етакчиси.

Президентнинг қайд этишича, турли миллат вакилларини ўзаро яқинлаштиришда санъат ва маданият ҳамиша маънавий кўприк вазифасини бажариб келган. Ҳар қайси миллатнинг бетакрор санъатини айни шу асосда ривожлантириш бу – умумбашарий бирлик ва аҳилликка олиб борадиган энг ишончли йўлдир.

Шу мақсадда мамлакатда турли миллат ва элат вакилларидан таркиб топадиган профессионал “Дўстлик” ансамблини ташкил этиш режа қилинган ва бунинг учун барча шароитларяратилади.

“Сиз, азизларни, бутун халқимизни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор чин дилдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт, мамлакатимиз равнақи йўлидаги олижаноб фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.

Ўзбекистонимиз доимо тинч ва барқарор бўлсин, биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан янада гуллаб-яшнасин!”, деб табрик йўллаган мамлакат етакчиси.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг