Президент қарори билан янги агентлик ташкил этилади
Жамият
−
14 Август 2019
6949Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни қуйида келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ–5780-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги марказий аппарати тузилмасига иқтисодиёт ва саноат вазирининг ҳудудларни, шу жумладан, Сирдарё вилоятини комплекс ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимини қиcқартириш ҳисобига Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори лавозими киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 28 нафардан иборат бўлган (кейинги ўринларда – Агентлик) тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Агентлик директори икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган биринчи ўринбосарга эга;
Агентлик директорининг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ижрочи директори ҳисобланади (кейинги ўринларда – Жамғарма);
Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади;
Агентлик кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари маблағларини жалб қилиши мумкин;
Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва саноат бош бошқармалари тузилмаларида Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг ўрнатилган умумий бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил аппаратининг ҳудудларда фаолият юритаётган ходимлари билан ўзаро яқин ҳамкорликда ишлайдиган, бошқарув ходимларининг штат бирлиги 49 нафардан иборат кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлимлари ташкил этилади.
4. Агентлик:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда номолиявий ёрдам турларини ҳамма соҳаларда кенгайтириш, шу жумладан, бизнес юритиш асослари ва соҳадаги қонун ҳужжатлари, тадбиркорлик фаолиятининг хавф-хатарларини баҳолаш кўникмаларини ўргатиш орқали тадбиркорларнинг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш дастурларида мувофиқлашган тарзда иштирок этишини, уларнинг малакасини ошириш, стажировкалар ва бошқалар ташкил этилишини таъминласин;
тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланиладиган ускуналарнинг техник хусусиятлари, ўзини қоплаш муддати, маҳаллий хом ашё билан таъминланиши, сарфланадиган материаллар ҳисоб-китоби ва бозорлар, шу жумладан, хорижий бозорлар баҳосини ўз ичига олган электрон каталогини шакллантирсин, кейинчалик салоҳиятли лойиҳалар ва бизнес ташаббусларини танлаб олиш жараёни самарадорлиги ва сифатини ошириш мақсадида улар Агентлик ва тижорат банкларининг веб-сайтларига жойлаштирилсин.
5. Жамғармани бошқариш кенгашининг Жамғарма Ижро этувчи дирекциясига ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 7 нафар бошқарув ходими штат бирлигини қўшимча ажратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Жамғарманинг ижро этувчи директорига Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан уларнинг хизматларига ҳақ тўлаган ҳолда малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.
6. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам олиш ҳақидаги аризаларини кўриб чиқиш бўйича электрон ҳужжат айланиш схемалари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда Жамғарма ҳисобидан лойиҳалари бўйича молиявий ёрдам кўрсатиладиган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тоифаларининг рўйхатини тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тизимли равишда кичик бизнес ва тадбиркорликни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш соҳасида иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари, иқтисодиёт ва саноат, Савдо-саноат палатаси, тижорат банкларининг туман бўлимлари раҳбарларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув курсларини, шу жумладан, масофадан туриб ўқитиш шаклидаги курсларни ташкил этсин.
9. Жамғарма қуйидагиларни назарда тутувчи “Тадбиркор” ахборот тизимини яратиш ва ишга туширишда буюртмачи сифатида белгилансин:
тижорат банклари ва Жамғарма ўртасида электрон ҳужжат айланиши, шу жумладан, электрон рақамли имзо ёрдамида маълумот алмашиш;
яратиладиган автоматлаштирилган дастурий таъминотни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистон банклари ассоциациясининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш;
тижорат банкларининг кредитлари бўйича электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ишончнома ва кафолатлар, шунингдек фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш тўғрисида электрон шартномалар тузиш;
тижорат банклари ва уларнинг мижозларига Жамғарманинг расмий веб-сайти орқали реал вақт режимида кредит буюртмаларини кўриб чиқиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш имкониятини бериш.
10. Жамғарма:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда ўзида лойиҳа қиймати ва тегишли ишларни молиялаштириш манбаларини акс эттирган ҳолда, “Тадбиркор” ахборот тизимини ташкил этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича техник ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат унитар корхонасига келишиш учун киритилишини;
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ишларни молиялаштиришга амалдаги маблағ ажратилган санадан бошлаб 6 ой муддатда “Тадбиркор” ахборот тизимининг яратилиши ва ишга туширилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг 10-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва бошқа донор ташкилотларнинг грантлари жалб этилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Агентликнинг жойлаштирилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликни зарур алоқа воситалари, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:
а) икки ҳафта муддатда белгиланган тартибда Агентлик ва Жамғарма ходимларининг штат жадвалини тасдиқласин;
б) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
Агентлик ва Жамғарма тўғрисидаги низомларнинг лойиҳаларини;
қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин;
в) Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, шу жумладан, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича палатага хос бўлмаган функция ва вазифаларни тегишли органларга бериш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 13 август