Президент исломий банклар тўғрисидаги қонунни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистонда расман исломий банклар фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланди. Бу ҳақда кеча, 27 март куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.

Қайд этилишича, ушбу қонун Марказий банк томонидан маҳаллий ва хорижий экспертлар билан биргаликда соҳага оид халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қонун билан Солиқ ва Фуқаролик кодекслари ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, ушбу қонун билан:

  • қонунчиликка исломий банк фаолияти, исломий молия операциялари, исломий молия стандартлари ҳамда инвестициявий омонат (депозит) тушунчалари киритилмоқда;
  • исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий қилиниб, мазкур лицензияни олиш бўйича аниқ талаблар ўрнатилмоқда;
  • исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга банклар томонидан амалга ошириладиган исломий молия операциялари рўйхати келтирилмоқда;
  • исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга бевосита савдо фаолиятини амалга оширишга ҳамда юридик шахсларни ташкил этиш ва юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушларни ёки акцияларни чекловларсиз олишга рухсат берилмоқда;
  • исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.
  • Бундан ташқари, исломий молия операцияларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгилаб берилмоқда.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан сўнг кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ cоҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

исломий молия исломий банклар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг