Президент Имомали Раҳмоннинг ўғлини қабул қилди
Жамият
−
03 Декабрь 2019
6413Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 декабрь куни Тожикистон Республикасининг пойтахти – Душанбе шаҳри раиси Рустам Имомалини қабул қилди.
Учрашув аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Икки қардош мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўп қиррали ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш таъминлангани, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида стратегик шериклик йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.
Душанбе шаҳри раиси Рустам Имомали қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда мамлакатларимиз пойтахтлари Тошкент ва Душанбе ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шаҳарни бошқариш ва инфратузилмани ривожлантириш, “йўл харитаси” асосида қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш каби йўналишларда мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун жорий йилнинг 28-29 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди.
LiveБарчаси