Президент Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди
Жамият
−
25 Август 7463 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 август куни Самарқандга ташрифи буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Дастлаб Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди. Сўнгра давлат раҳбари бу ердаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Айни пайтда зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида бу ерда улкан мажмуа барпо этилмоқда. Зиёратгоҳнинг умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси қуриб битказилган. Мажмуанинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган. Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилмоқда.

Президент бу мажмуа фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши кераклигини таъкидлади. Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ва камолоти бу ерга келувчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши қайд этилди. Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилмоқда. У ислом оламида муҳаддислар султони, дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади.

Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилади.

Давлат раҳбари қурилишни сифатли бажариш, одамларга қулайликларни кўпайтириш, мажмуа атрофида яшил майдонлар сонини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига жўнаб кетганди. Сабаби 25-26 август кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Самарқандда бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь