Президент Божхона расмийлаштируви маркази билан танишди

Жамият

image

Бугун, 29 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиши мобайнида, Давлат божхона қўмитасида ташкил этилган Божхона расмийлаштируви марказини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Марказ давлат раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонига биноан соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш мақсадида ишга туширилган.

“Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилди. Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакат вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинди”, дейилади хабарда.

Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилган. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.

“Call-марказ”да божхона органларининг 11-08 ишонч телефони ҳамда қўмита веб-сайти орқали келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилади. Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими эса Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган. Бу ерда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

Соҳа рақамлаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви вақти ўртача 2 баробарга қисқарган. 2017 йилда экспорт йўналишида божхона расмийлаштируви учун 5 соат 42 дақиқа сарфланган бўлса, 2023 йилда бу 30 дақиқани ташкил этган.  Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми ҳам оширилган.

“Бу шароитлар, натижалар, албатта, одамни қувонтиради. Лекин рақамлаштириш шундай жараёнки, бир жойда чекланиб қолмайди. Соҳада қилинган ишлардан кўра, қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Шунинг учун қулайликларни мунтазам ошириб бориш зарур. Тизим фаолиятига тадбиркорлар баҳо бериши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берган. Шунингдек, ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифаси қўйилган.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев божхона қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг