Президент Бухородаги IT Park`да ёш дастурчилар билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 21 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги давлат хизматлари маркази ва IT Park`ни бориб кўрди.

Бу ерда “ягона дарча” тамойили асосида 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинода Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси, Халқ қабулхонаси, Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхона, ФҲДЁ бўлими, нотариал идора ҳам жойлашгани аҳолига қулайлик яратган. Кутиш залида китоблар жовони ташкил этилган.

Давлат раҳбари хизматлар нархини арзонлаштириш, узоқ маҳаллалар аҳолисига сайёр ва онлайн хизмат кўрсатиш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси ҳам очилган. Молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, ахборот хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бинонинг иккинчи қаватида IT Park нинг Бухоро филиали жойлашган. Бу ерда ҳам ўқувчилар, ҳам талабалар, ҳам фрилансер ва дастурчилар учун зарур шароитлар яратилган. Болалар мактаб давридан ўйинлар орқали ахборот технологияларига қизиқтирилади, кейин ўқитилиб, лойиҳалар ишлаб чиқишга ўргатилади. Бу ерда ёш ҳаваскорлар, робототехниклар, веб дизайнерлар, профессионал дастурчилар йиғилган.

Президентимиз бухоролик ёшларнинг салоҳиятини юксак баҳолаб, бу соҳа мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

“Бухоро азалдан илм-фан маркази бўлган. Бугун ҳам билимли, интилувчан ёшлар кўп. Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратиш керак. Бунинг учун барча нарса – шароит, ресурс, интеллект бор”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз "Мандэй ЛАБС" корхонасига асос солган 25 ёшли Саидравшан Шокиров, халқаро IT компаниялар билан ҳамкорликда ишлаётган дастурчи Шаҳрулло Тухсанов ва бошқа ёшлар билан суҳбатлашди.

Долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича ёш дастурчиларга буюртма бериш, маблағ, энергия ресурслари ва вақтни тежовчи дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шавкат Мирзиёев IT Park даги ёшлар билан эсдалик учун суратга тушди.

IT Park учун Bukhara City мажмуасида 9 ва 12 қаватли замонавий бинолар қурилмоқда. Мажмуада коворкинг маркази, офислар, меҳмонхона, ресторан ва спорт заллари бўлади. У ерда 700 дан зиёд иш ўрни яратилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг