Президент Бухоро ҳокимининг биринчи ўринбосарини ишдан олди

Жамият

image

Бухоро вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Ботир Илҳомович Аҳмедов солиқ тушуми бўйича корхоналар билан етарли ишламагани учун лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда солиқ тушумлари бўйича ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилган. Йил бошидан солиқ тушуми 27 фоизга кўпайиб, 130 триллион сўмдан ошган.

Лекин қўшимча тушум бўйича йиллик режа атиги 40 фоизга бажарилган. Бу 12 триллион сўмни ташкил этади. Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари солиқ тушуми бўйича корхоналар билан етарли ишламаётгани танқид қилинган.

Бухоро вилояти мисолида айланмаси 100 миллион сўмдан юқори бўлган 162 та корхона кетма-кет уч йил фаолиятини зарар билан якунлагани учун 1 сўм ҳам фойда солиғи тўламагани айтилган.

Шунингдек, 1,5 мингта корхона қўшилган қиймат солиғи тўламасдан, фақат ҚҚСни чегириб юргани қайд этилган. Шу боис, Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

1 июлдан 498 та йирик солиқ тўловчи корхонадан солиқ ундириш ваколати вилоятларга тушириб берилгани қайд этилиб, энди бирорта баҳонага ўрин қолмагани таъкидланган. Вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вилоят солиқ раҳбарларига мазкур корхоналар билан яқиндан ишлаб, солиқлар тўлиқ ҳажмда йиғилишини таъминлаш топширилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг