Президент Бош вазирнинг ҳуқуқларини белгилаб берди
Жамият
−
24 Декабрь 2022
14172Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 23 декабрь куни имзоланган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, Бош вазирга қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:
• масалаларни тартибга солиш ва устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Бош вазир котибиятининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
• иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг долзарб йўналишларини ўрганиш ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳлар ва келишув комиссиялари ташкил қилиш;
• Бош вазир котибиятининг ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларини натижадорлик асосида қўшимча рағбатлантириш учун маблағлар миқдорларини белгилаш.
Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:
• Бош вазир ўринбосарларининг функционал вазифаларини тасдиқлаш;
• Бош вазир котибиятининг штат жадвалини тасдиқлаш;
• Бош вазир котибияти тўғрисидаги, унинг барча бўлинмалари функциялари, ваколатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини батафсил белгилаб берувчи низомни ишлаб чиқиш;
• Бош вазир котибиятининг янги ташкил этилган таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
• фаолияти тугатилаётган таркибий бўлинмаларнинг ходимларини вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларда раҳбар ва масъул лавозимларга тайинлаш бўйича чоралар кўриши, зарур ҳолларда, таклиф киритиши керак.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фармон билан Ҳукуматда амалдаги 8 нафар Бош вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилмоқда.
LiveБарчаси