Бош вазир ўринбосари лавозими 8 тадан 4 тага қисқарди

Жамият

image

2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (кейинги ўринларда – Вазирлар Маҳкамаси/Ҳукумат) аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 23 декабрь куни имзоланган “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилган. 

Ҳукуматда амалдаги 8 нафар Бош вазир ўринбосари ва 3 нафар Бош вазир маслаҳатчиси лавозимларидан фақат 4 нафар Бош вазир ўринбосари қолдирилмоқда.

Бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламайди ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармайди.

Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади. Бунда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимидан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда. 

Унинг ўрнига Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда.

Белгилансинки, Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари:

•    тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланади;

•    тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда Ҳукумат ваколатларига оид бошқа долзарб масалаларни (кейинги ўринларда – масалалар) Вазирлар Маҳкамасига киритиш, кўриб чиқиш ва ахборот беришнинг қуйидаги тартиби жорий қилинмоқда:

а) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва масалалар Ҳукуматга бевосита вазирлар ва бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари томонидан белгиланган тартибда киритилади.

Бунда, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва хўжалик бирлашмалари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа масалалар тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга ошираётган вазир ёки бошқа мустақил ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари орқали киритилади;

б) келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ахборот-таҳлил ва юридик таъминлаш департаментига кўриб чиқиш, молиявий-иқтисодий ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, тартибга солиш таъсири ва манфаатлар тўқнашувини баҳолаш ҳамда ахборот бериш учун киритилади;

в) ахборот беришга тайёр бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа масалалар Вазирлар Маҳкамасида коллегиал тарзда маъқулланади ёки рад қилинади;

г) маъқулланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда, зарур ҳолларда, бошқа масалалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилади (ёки қабул қилинади);

д) Вазирлар Маҳкамасида масалаларни коллегиал тарзда кўриб чиқишда, заруратга кўра, оммавий ахборот воситалари таклиф қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, киритиш, кўриб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишишнинг аниқ тартиби ва муддатларини, уларнинг ижросини назорат қилишни назарда тутувчи Ҳукуматнинг янгиланган регламентини киритади.

•    Бош вазирнинг амалдаги ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси ва унинг ўринбосарлари янги тизим ишга тушгунга қадар юклатилган вазифаларнинг тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

•    Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тузилмаларини мақбуллаштириш муносабати билан бўшаётган маблағлар Бош вазир котибияти ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларининг натижадорлиги асосида қўшимча рағбатлантиришга йўналтирилади.

Адлия вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

•    Вазирлар Маҳкамасида қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларининг амалга оширилиши бўйича назорат ва ҳисобдорликни ташкил этиш тартиби;

•    амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлардан келиб чиқиб комиссиялар, кенгашлар, ишчи гуруҳлар ва бошқа коллегиал органларга раҳбарларни қайта тақсимлаш бўйича таклиф киритади.

Ҳозиргача Бш вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимида Очилбой Раматов, Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида Жамшид Қўчқоров, Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида Шуҳрат Ғаниев, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимида Жамшид Хўжаев, Бош вазир ўринбосарлари лавозимида Азиз Абдуҳакимов, Залайхо Маҳкамова, Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика ва кимё соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида Жўрабек Мирзамаҳмудов ишлаб келаётган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

255

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг