Президент битирувчиларга табрик йўллади

Жамият

image

Бугун, 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига табрик йўллади.

“Аввало, мана шу қувончли айёмда етуклик шаҳодатномасини қўлга олиб, мустақил ҳаётга қадам қўяётганингиз билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман”, дейилади Президент табрикномасида.

Айтилишича, 25 май санасида мамлакатдаги 10 мингдан зиёд мактабларни қарийб 392 минг нафар ёшлар битиради. Улар орасида 12 мингдан ортиқ битирувчилар ўқишни олтин, 2 мингдан зиёди кумуш медаль билан якунлайди. 

Президент табригида маълум қилинишича, ўтган йили 3,2 триллион сўм маблағ ҳисобидан 807 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Бу йил эса ўрта таълим масканларига 40 минг дона замонавий компьютерлар, 442 та комплект робототехника жиҳозлари ва бошқа зарур ашёлар етказиб берилган.

“Ана шундай ишларимизнинг самараси сифатида мамлакатдаги ўқувчилар жорий йилда минтақавий ва халқаро фан олимпиадаларда 2 та олтин, 15 та кумуш, 27 та бронза медалларини қўлга киритган, 6 нафар истеъдодли қиз “Зулфия” номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Кейинги пайтда Ўзбекистон униб-ўсиб келаётган сиздек азму шижоатли ёшларимиз учун улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бормоқда. Юртимиздаги 210 та олийгоҳ, 330 та касб-ҳунар мактаби, қарийб 400 га яқин коллеж ва техникумлар сизларга ўзингиз танлаган соҳалар бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлиш учун имконият майдони бўлиб хизмат қилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, табрикномада талабаларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, олий маълумот олишини таъминлаш мақсадида 154 та олийгоҳда сиртқи, 15 та олийгоҳда эса масофавий таълим шакли фаолият кўрсатаётгани айтилган.

“Ишончим комилки, сизлар яратилган ушбу имкониятлардан фойдаланган ҳолда, келгусида юртимиздаги замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, катта-катта фирма ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотларида меҳнат қилиб, ўз билим ва малакангиз билан мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшасиз. Ана шундай шарафли ва масъулиятли йўлда барчангизга улкан ютуқ ва муваффақиятлар, шахсий ҳаётингизда бахт ва омад тилайман. Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тамомлаганингиз билан яна бир бор самимий табриклайман”, дейди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев мактаб Ўзбекистон битирувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг