Президент бир неча ҳокимлар ўринбосарлари ва Марказий банк амалдорларига ҳайфсан берди
Жамият
−
05 Апрель 2023
15715Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан берди. Бу ҳақда бугун, 5 апрель куни Президент раислигида 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Гап шундаки, 2022 йилда 31 та “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури бошланган эди. Йиғилишда бу борадаги ишлар Андижон ва Хоразмда яхши кетаётгани таъкидланиб, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарёдаги массивларда ҳокимларнинг эътиборсизлиги оқибатида бирорта уй фойдаланишга топширилмагани қаттиқ танқид қилинди.
“Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича Фарғонада 80 та, Самарқандда 36 та, Тошкент вилоятида 15 та, Наманганда 14 та уйни фойдаланишга топшириш чўзилиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди ва вазиятни ўзгартириш учун бир ой муҳлат берилди.
Умуман, 2023 йилда янги уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 бараварга ошириб, 90 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.
Сўнгги олти йилда мамлакат аҳолиси 5,5 миллион нафарга ўсгани, ҳадемай 40 миллионга етиши қайд этилиб, 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилгани таъкидланди. Бу даврда уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошди.