Президент мукофотларни ўз қўли билан топширди
Олам
−
19:37 1226 3 дақиқа
Бугун, 26 август куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ўзбекистонликларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда давлат раҳбари йиғилганларни улуғ ва мўътабар айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклаган.

“35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди”, дейди давлат раҳбари.

Президентнинг айтишича, мазкур ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи – меҳнаткаш ва олижаноб халқ.

Мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратаётган фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устозлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар, янги ғоя ва кашфиётлар устида изланаётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар меҳнатида намоён бўлади.

Шунингдек, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ва архитекторлар, маданият, санъат ва спорт соҳаси вакиллари, ислоҳотлар ижросини маҳалла ва хонадонларга етказаётган давлат хизматчилари, жойларда одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини таъминлаётган ҳарбийлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ҳиссаси алоҳида қайд этилган.

Сўнгги ўн йилда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кириб келган, иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган. Жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 180 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган. Саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 мингта доимий иш ўрни яратилган.

Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 500 минг ўринли мактаблар, 342 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ва 62 минг ўринли шифохоналар барпо этилган. 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилган ҳамда таъмирланган. 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб берилган, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги уй-жойга эга бўлган.

“Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир”, дейди Президент.


Ана шу эзгу ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларнинг 558 нафари мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.



“Ҳар бирингизнинг машаққатли меҳнат йўлингиз, эришган ютуқларингиз, юртимиз тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссангизни жуда яхши биламан”, дейди Президент.

Мукофотланганлар орасида Хоразм вилоятида кўп йиллар давомида бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиб, бугун нуронийларга бошчилик қилаётган Рустам Султонов, Сурхондарёда чўлларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга умрини бағишлаган меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбонов бор.

Билдирилишича, Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён пўлат эритувчи бўлиб ишлаётган Ғуломжон Туроновнинг “Хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани бутун металлурглар меҳнатига берилган юксак баҳо.

Пахтачилик ва ғаллачиликда юксак натижаларга эришиб, ўз мактабини яратган наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, йил давомида пилладан юқори ҳосил олаётган бухоролик Жамила Худойбердиева, чорвачиликда илғор технологияларни жорий этиб, наслчиликни ривожлантираётган қорақалпоғистонлик Эсенбай Айтимуратов ҳамда сув йўқотишларини камайтириш ва энергия тежамкор тизимларни татбиқ этишга ҳисса қўшаётган самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқуловнинг меҳнати муносиб эътироф этилган.

Президент давлат мукофотини олган ҳар бир инсоннинг меҳнати ва кўрсатган жасорати алоҳида эътирофга муносиб эканини таъкидлаган.
Шу кунларда жойларда унвон, орден ва медалларни қабул қилиб олаётган ўзбекистонликларга ҳам самимий табриклар айтилган.
Маросимда мамлакат етакчиси мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширган.
Live
Барчаси