Президент айтди: Кадастри йўқ 38 минг уй-жойга ҳужжатлар қилиб берилади

Жамият

image

Бугун, 30 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Кегейли туманида Қорақалпоғистон аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббусни билдирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари томонидан олға сурилган таклифлардан биринчиси – Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилишидир. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Иккинчиси, кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб берилади.

Учинчиси, аҳоли талабини инобатга олиб, жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Бунга қўшимча, замонавий лойиҳа асосида 4 минг якка тартибдаги уй-жой қуришга 4 сотихдан ер ажратилади.

Шунингдек, йиғилишда иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистонда 72 минг расмий ишсиз бор. Ҳар йили 43 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Шуларни ҳисобга олиб, йиғилишда 193 минг иш ўрни яратиш ва Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилиб қўйилган. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, кончилик, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигидаги имкониятлар кўрсатиб ўтилган.

Маълум бўлишича, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл ва арзон бўлишини таъминлаш мақсадида 2022 йилда аҳолига 6 минг 600 гектар ер берилган эди, бу йил яна 6 минг гектар ажратилмоқда. Бу орқали сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш ҳисобига Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. Дала четларида 3,6 минг гектарда кади, узум ва сабзавот етиштириб, 42 минг тонна маҳсулот олинади.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистонда 51 та мактабда ўқувчилар сони меъёрдан 2 баравар кўп. 208 та маҳаллада ичимлик суви таъминоти яхши эмас. 120 километр магистрал ҳамда энг серқатнов 600 километр ички йўлларни таъмирлаш керак. Шу боис 9 та туманда мактабгача таълим муассасалари қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлашга, шу жумладан иссиқлик таъминотига қўшимча маблағ ажратилиши белгиланди.

Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллиги чораларини кўриш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ташаббус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг