Президент: “Ҳалол тадбиркор доим менинг ҳимоямда”
Жамият
−
22 Февраль 2019
7047Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланган илк кунлардан буён доим тадбиркорлар тарафида бўлиб келди. У иккита иш ўрнини яратиб, фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорни бошига қўйишини айтди. Бироқ, жойларда ҳамон тадбиркорларнинг йўлига ғов бўлаётган, солиқ сиёсатидаги ўзгаришлардан тузоқ сифатида фойдаланаётган солиқчилар талайгина. Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 22 февраль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шуларга тўхталиб, яна бир бор тадбиркорлар тарафида эканини айтди.
“Қанчалик мураккаб бўлмасин, бошлаган ислоҳотларимизни охиригача етказишимиз зарур. Лекин тарғибот-тушунтириш ишларини баҳона қилиб, ўрганишларни текширувга айлантиришга мутлақо йўл қўйилмайди. Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда”, деди давлат раҳбари.
Видеоселекторда солиқлар тўловини амалга оширишда ноқонуний ҳолатлар айрим мисоллар асосида муҳокама қилинди. Йирик ишлаб чиқарувчилар, импортёрлар ва улгуржи савдо ташкилотлари томонидан сотилаётган товарлар ҳаракатини таҳлил қилиб, нақд пулсиз ҳисоб китоб-қилиш кўламини кенгайтириш, бунинг учун электрон ҳисоб-фактура тизимини тезроқ жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Солиқ идораларига жойлардаги боқиманда қарздорликни ундириш, даромадларнинг ички захираларини излаш бўйича тавсиялар берилди. Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида йирик солиқ тўловчилар ва импортёрлар билан ишлайдиган ҳудудлараро инспекция фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.