Президент 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқарилишига ваъда берди

Жамият

image

2025 йилгача Ўзбекистонда камида  50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар яратиб берилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифи чоғида Кармана туманидаги янги қуёш электр станциясини ишга туширишга бағишланган нутқида ваъда қилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев янги станция  Ўзбекистон тарихида илк бор хусусий инвестор томонидан қурилган электр станцияси эканига эътибор қаратди.

“Бу сўнгги икки йилда электр энергияси соҳасида бошлаган катта ислоҳотларимизнинг амалий натижаси,  инвесторларнинг мамлакатимизга нисбатан ишончи  тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир”, дейди Президент.

Қайд этилишича, Ўзбекистон энергетика соҳасида туб ислоҳотларни бошлаган. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ўзида жамлаган монопол давлат компанияси ўрнига бир-биридан мустақил  4 та компания ташкил этилган.

"Энергетика соҳасида рақобатдош улгуржи бозорни шакллантириш, хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратиш ва шу орқали электр энергиясига ўсиб бораётган талабни  мақбул нархларда қондиришни асосий вазифа этиб белгиладик.

Шу тариқа 2025 йилгача юртимизда камида  50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятларни яратиб берамиз", дейди давлат раҳбари.

Маълумот ўрнида, бугун, 27 август куни Кармана туманида қуввати 100 мегаВатт бўлган  замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда. Лойиҳа доирасида 110 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилган. Бу ерда йилига 252 миллион килоВатт-соат электр энергияси  ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 миллион куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна  буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра,  Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 миллиард килоВатт-соат  электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу  республикамизнинг  бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп.

2030 йилга бориб  қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг,  шамол электр станциялари бўйича эса 3 минг мегаВаттга етказиш режа қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

27

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг