Президент 16 нафар ҳоким ўринбосарини ишдан олди 

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев 15 та туман ва бир шаҳар ҳокимининг ўринбосарини ишдан олди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди. 

Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселекторда кўплаб шароитлар яратиб берилганига қарамасдан, Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли ва Шуманай туманларида камбағаллик даражаси юқорилигича қолаётганини танқид қилган. 

Шунингдек, тадбиркорлик соҳасида аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида ишлар суст ташкил этилгани айтилди. 

Шу муносабат билан Бекобод, Бўка, Қўшкўпир, Шаҳрихон, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой, Мирзаобод, Боғот, Улуғнор, Хўжайли, Шуманай, Мирзачўл, Дўстлик, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди.

“Биз маҳалладаги ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, бизнесини бошлаши учун ҳар йили ўнлаб триллион сўмлик кредит ва субсидиялар ажратаяпмиз. Лекин, уларнинг самарадорлигини баҳолайдиган тизим йўқ”, деди Президент.

Мисол учун, сўнгги уч йилда 300 минг ишсиз аҳоли касбга ўқитилган бўлсада, уларнинг атиги 45 фоизи доимий иш билан таъминланган. Ваҳоланки, бу ишларга қарийб 1 триллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилгани қайд этилган.

Шунингдек, жами 17 та мономарказда IT, агротехнологиялар, дизайнер, электрон тижорат, логистика, реклама иши, маркетинг каби юқори даромадли замонавий касбларга, хорижий тилларга ўқитиш улуши 5 фоизга ҳам етмаслиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат раҳбари Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Файзиев, Қибрай тумани ҳокими М.Мирқосимов ва Янгийўл тумани ҳокими У.Ялгашев ҳамда ушбу туманларнинг 4 та сектор раҳбарларини лавозимидан озод қилганди. Шунингдек, 26 та солиқ идораси раҳбари ҳам ишдан бўшатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг