Президент Ҳиндистондан келган делегацияни қабул қилди
Жамият
−
22 Октябрь 2019
4636Бугун, 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Ҳиндистон Республикаси Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Шавкат Мирзиёев меҳмонларни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, дўстлик ва стратегик шериклик мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотлар, жумладан, ўтган йилнинг октябрь ойида Деҳли шаҳрига ва жорий йилнинг январь ойида Гандинагар шаҳрига (Гужарат штатининг маъмурий маркази) амалга оширилган ташрифлар кўп қиррали икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилгани қайд этилди.
Вижай Рупани, ўз навбатида, давлат раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Юқори мартабали меҳмон Гужарат штати делегациясининг ташрифи доирасида Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Тошкентда ўтган учрашув ва музокаралар, аввало, олий даражада эришилган келишувларни кенг кўламда амалга оширишга кўмаклашишга қаратилганини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Биотехнологиялар ва агрокластерлар, тўқимачилик, фармацевтика саноати, автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қурилиш, меҳмонхона инфратузилмасини бошқариш каби соҳаларда ва бошқа йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил Ўзбекистонда биргаликда очилган олий таълим муассасаларида ва Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим даргоҳлари негизида талаб юқори бўлган муҳандислик-техник мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда таълим соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳамда Гужарат штатининг етакчи компания ва ташкилотлари ўртасида самарали шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитасини” тез фурсатда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Учрашув якунида Вижай Рупани икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.