Пойтахт ҳавосининг ифлосланиш сабаблари эълон қилинди (видео)
Жамият
−
21 Ноябрь 12884 4 дақиқа
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида ҳавони ифлослантирувчи PM10 ва PM2.5 ўлчамдаги майда чанг зарралари миқдори ошиб кетди. Ўзгидромет мазкур ҳолат бўйича ўтказилган мониторинг натижаларини эълон қилди.
Қайд этилишича, бу ҳолат бир вақтнинг ўзида кучайиб намоён бўлган бир нечта табиий омиллар билан боғлиқ.
Биринчи омил – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати тез ўзгарган. Иссиқ кунлардан совуқ кунларга ўтиш даврида инверсия деб аталувчи табиий жараён юзага келади. Инверсия пайтида совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолади ва ҳаво қаватлари аралашмайди. Шу боис, майда заррачалар паст ҳаво қатламида тўпланиб, қисқа вақтда концентрация кескин ошади. Бу жараён Тошкент, Олмаота, Бишкек, Душанбе каби шаҳарларда ҳар йили ноябрь-февраль ойларида кузатилади.
Иккинчи омил – ёғингарчиликнинг йўқлиги. Синоптикларимиз маълумотларига кўра, ноябрь ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади, ёғингарчилик ҳажми эса иқлимий меъёрдан анча паст бўлган. Ёғингарчилик йўқлиги ҳаводаги майда заррачаларнинг табиий ювилишини тўхтатади ва уларнинг узоқ вақт атмосферада сақланиб туришига олиб келади.
Учинчи омил – арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон табиий жиҳатдан қуруқ ва ярим қуруқ иқлим ҳудудида жойлашган. БМТ экспертлари бу минтақани дунёда арид жараёнлар энг тез кечаётган маконлардан бири сифатида қайд этган. Арид жараёнлар, ўсимлик қопламининг камайиши ва иқлим исишининг таъсири остида шамол таъсиридаги табиий чангланиш ошади. Шунинг учун бу йил чангланиш одатдагидан кўпроқ намоён бўлган, ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам PM10 кўрсаткичининг ўсишига туртки берган.
Синоптикларнинг прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни жорий йилнинг 24 ноябригача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳол.
Об-ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли яхшиланади.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимиятлар, коммунал хизматлар ва масъул идоралар томонидан қуйидаги амалий ишлар олиб борилмоқда:
- Кўча ва йўлларни намлаш;
- яшил ҳудудларни қўшимча суғориш;
- жамоат жойларини нам тозалаш;
- аҳоли учун тавсияларни етказиш;
- атмосфера ҳавосини доимий мониторинг қилиш.
Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ҳолатига оид барча муҳим кўрсаткичларни кунига икки марта – эрталаб ва кечқурун расмий каналлар орқали эълон қилиб боради.
“Кузатилаётган ҳолат – табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараён. Бунда барча ваколатли давлат органлари тегишлилиги бўйича вазиятни доимий равишда назорат қилмоқдалар, зарурат туғилганда эса аниқ ташкилий чораларини амалга оширмоқда. Ҳурматли фуқаролар, мазкур масалада ҳар қандай муҳим ўзгаришлар ҳақида аҳолига ўз вақтида ахборот бериб борилишини доимий давом эттирамиз”, дейилади хабарда.
PM2.5 нима?
PM2.5 бу – ҳавони ифлослантирувчи моддалар бўлиб, таркибига қаттиқ микрозарралар ҳам, энг майда суюқлик томчилари ҳам киради. Уларнинг иккаласи ҳам тахминан 10 нанометрдан 2,5 микрометргача бўлган ўлчамга эга. Йирикроқ зарралардан фарқли ўлароқ, PM2.5 биологик тўсиқлардан осон ўтади ва шу сабабли организм учун катта хавф туғдиради.
2,5 микрометрдан кичик бўлган барча зарра ва томчилар ҳавода муаллақ туради. Улар ўрмонларда ҳам, денгиз бўйида ҳам мавжуд, аммо айнан шаҳарларда хавфли ҳисобланади. Биринчидан, шаҳарда уларнинг миқдори анча кўп бўлади, иккинчидан эса майда дисперс аэрозолнинг кимёвий таркиби табиатдагига қараганда анча хавфли бўлади. Қолаверса, турли шаҳарларда PM2.5 аэрозолининг таркиби ҳам, алоҳида зарраларнинг хусусиятлари ҳам кескин фарқ қилиши мумкин.
Бирламчи PM2.5 – ҳавога “тайёр ҳолатда” чиқариладиган зарралар. Улар тутун, асфальт ва автомобиль шиналарининг майда қисмлари, минерал тузлар (сульфатлар, нитратлар), оғир металл бирикмалари (асосан оксидлар) таркибида пайдо бўлади. Биологик ифлослантирувчилар (баъзи аллергенлар ва микроорганизмлар) ҳам PM2.5 таркибига киради.
Иккинчи даражали PM2.5 – улар атмосферанинг ўзида ҳосил бўлади. Масалан, шаҳар ҳавосига азот ва олтингугурт оксидлари чиқарилади, улар сув билан реакцияга киришиб кислоталарга айланади ва шу кислоталардан қаттиқ туз зарралари (нитратлар, сулфатар) ҳосил бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши ортидан чангга қарши чора сифатида пойтахт кўчалари ва яшил ҳудудларга сув сепилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси