Порахўр ҳукуматни ағдариш, демократияга қадам бўлди – Жапаров “Апрель инқилоби” ҳақида

Олам

image

2010 йил апрель ойида Қирғизистонда юз берган инқилоб демократия ривожи йўлидаги яна бир қадам бўлган. Бу ҳақда республика Президенти Садир Жапаров халққа мурожаатида айтиб ўтди.  

“2010 йилнинг 7 апрель куни ватандошларимиз Қирғизистон келажаги учун порахўр ҳукуматни қандай мард ва жасорат билан ағдарганини барчамиз эслаймиз. Апрель халқ инқилобининг натижаси демократик тамойилларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва давлатни янада ривожлантириш йўлидаги ишончли қадамлар бўлди”, деган у. 

Жапаровнинг фикрича, бундан 12 йил аввал содир бўлган воқеалар жаҳон ҳамжамиятига “қирғиз халқи ҳақидаги тасаввурини ўзгартириш, шу орқали унинг шаъни, қадр-қиммати каби юксак ахлоқий фазилатларини тан олиш, эркинлик ва адолатга интилишларини қадрлаш” имконини берди. 

Унинг сўзларига кўра, инқилобий воқеаларда иштирок этган фуқаролар “ҳозирги замон қаҳрамонлари”дир. 

“Қанчалик вақт ўтмасин, уларнинг ўлим олдидаги қўрқуви халқимиз қалбида сақланиб қолади ва, шубҳасиз, уларнинг номлари Қирғизистон тарихига мангу зарҳал ҳарфлар билан ёзилади”, дейди Жапаров. 

Маълумот ўрнида, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда инқилоб бўлиб ўтди, натижада мамлакатнинг иккинчи Президенти Қурманбек Бакиев тахтдан ағдарилиб, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Президентни қўллаб-қувватлаётган ҳарбий хизматчилар ва мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, бир неча юз киши жароҳатланди. 

Жиноятлари учун ватанида сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Бакиев қочиб кетганидан сўнг Қирғизистонда ҳокимият Роза Отунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумат қўлига ўтди. Ҳозирда Қирғизистоннинг иккинчи Президенти Минскда истиқомат қилади. 

Муваққат ҳукуматга 14 киши, жумладан, Роза Отунбаева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниязалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.

Ўша йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. “Ўш воқеалари” номи билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар сони эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.

Республиканинг яқин тарихидаги биринчи инқилоб 2005 йил март ойида ўтказилган, унинг натижасида биринчи Президент Асқар Акаев ҳокимиятдан ағдарилган, у ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан оиласи билан чет элга кетишга мажбур бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жапаров инқилоб

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг