Поп, Мўйноқ ва Бектемирда “права”ни ҳал қилиб бермоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
07 Февраль
3826Ўзбекистоннинг учта ҳудудида пора эвазига "права" олиб бермоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Поп тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Поп туман бўлими бош мутахассиси Б.Н. фуқаро И.С.га тракторчи-машинист гувоҳномасини таълим ташкилотларида ўқимасдан олиб бериши эвазига 5,3 млн сўмни олган вақтида ушланган.
Худди шундай, Мўйноқ туманда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.К. 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларга 2 000 доллар эвазига юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйишини айтиб, 24,7 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро О.Ф. фуқаро А.А.нинг ишончига кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 700 долларни олган вақтида ушланган.
"Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда", дейилади департаментнинг хабарида.
LiveБарчаси