Помпеонинг Ўзбекистонга келиши Сулаймонийнинг ўлдирилиши сабаб қолдирилганми?

Олам

image

Ҳафта давомида дунёда рўй берган воқеалар Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) махсус “Ал-Қудс” бўлинмаси генерали Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши ва Эроннинг АҚШга нисбатан жавоби, шунингдек, Украина самолётининг Теҳрон заминида ҳалокатга учраши фонида қолиб кетди. Ҳолбуки, дунё тўхтаб қолгани йўқ. 

Қосим Сулаймонийнинг вафоти  тахминимизча, шунчаки тасодиф ёки ўша кун давомида режаланган операция эмасдек. Бунга эса етарли асослар мавжуд. Бу асослар рўйхатида эса Ўзбекистон номини ҳам кўрасиз. 

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2019 йил декабрь ойи охирларида АҚШ Давлат департаменти раҳбари, Давлат котиби Майкл Помпео 2020 йилнинг 5 январь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиши ҳақида хабар берилди. Хабарда Помпео ташрифи давомида Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашиши ҳақида айтилганди. Ўзбекистонга ташрифини расмий Вашингтон ҳам тасдиқлади. 

Ташрифга тўрт кун қолганда, жорий йилнинг 1 январь куни АҚШ Давлат департаменти Майкл Помпеонинг 3-7 январь кунларига мўлжалланган ташрифлари бекор қилингани ҳақида хабар тарқатди. Бу кунлар оралиғида Помпео Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Кипрга сафар қилиши керак эди. 

Расмий хабарда “Давлат котиби Майкл Помпео Вашингтонда қолиши ва Бағдоддаги вазиятни кузатиб, америкаликлар хавфсизлигини таъминлаши кераклиги учун мажбуран Украина, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Кипрга сафарини қолдирди. Давлат котиби Помпеонинг ташрифи энг яқин вақтда амалга оширилади”, дейилган эди. 

2019 йилнинг 31 декабрь куни Ироқда АҚШга нисбатан намойиш авжига чиқди. Ироқ пойтахти Бағдодда намойишчилар АҚШ элчихонасига ҳужум қилди. Улар “Америка йўқ”, “Америкага ўлим”, деб бақириб, АҚШ байроғини ёқиб юборди. 

АҚШда Помпеонинг юқори номи келтирилган 5 мамлакатга ташрифи бекор қилингач, 2 январдан 3 январга ўтар кечаси Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) махсус “Қудс” бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний АҚШнинг Бағдодга авиазарбаси вақтида ўлдирилди. Бу қарор АҚШ Президент Дональд Трампнинг шахсий иродасига кўра олингани айтилди. Бироқ, бунда кейинроқ Помпеонинг ҳам қўли борлиги маълум бўлди. 

Бўлиб ўтган воқеалар хронологиясига назар ташласангиз, Помпеонинг Ўзбекистонга ва қолган 4 мамлакатга ташрифи қолдирилиши айнан Сулаймонийнинг ўлдирилиши режаси билан боғлиқлигини кўриш мумкин. 

Трамп Сулаймонийнинг ўлдирилишини Рождество таътиллари сабаб АҚШнинг турли ҳудудларида бўлган миллий хавфсизлик бўйича бир неча нафар юқори мартабали маслаҳатчиси билан режалаштирган. Улар махсус ҳимояланган алоқа линияси орқали мулоқот қилган.

Трамп режаларининг махфий қолиши учун Конгрессни бу ҳақида огоҳлантирмаган. Умуман олганда ушбу фавқулодда режадан саноқли одам хабардор бўлган. Булар давлат раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Роберт О`Брайен, вице-президент Майк Пенс, Давлат котиби Майкл Помпео, Мудофаа вазири Марк Эспер, Марказий разведка бошқармаси директори Жин Хэспел ва Оқ уй аппарати бошқарувчиси вазифасини бажарувчиси Мик Малвэни хабардор бўлган.

Эрон жорий йилнинг 8 январь куни Сулаймоний учун қасос олиш мақсадида АҚШнинг Ироқдаги икки ҳарбий базасига ҳаводан ракета зарбасини берди. Айни вазиятда АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзига яқин маслакдошларни “Ой уйга” тўплади ва улар орасида Помпео ҳам бор эди. 

Эроннинг ҳужумидан кейин АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Роберт О’Брайен Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус бўлинмаси “Ал-Қудс”ни бошқарган генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига муносабат билдириб, Сулаймоний АҚШ дипломатлари ва ҳарбийларига ҳужум режасини тузиб юргани, агар АҚШ уни ўлдирмаганда, у АҚШга ҳужум қилиши ҳақида гапирган эди. Бироқ, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео унинг фикрларини буткул йўққа чиқарди.

Помпео Америка махсус хизматларида Эрон генерали Қосим Сулаймонийнинг АҚШга ҳужум қилиш бўйича “режалари” тўғрисида аниқ маълумот бўлмаганини тан олди. 

“Ҳеч қандай шубҳа йўқки, қатор ҳужумлар бўлган. Биз қачон, қаерда бўлишини аниқ билмаймиз. Аммо бу ҳақиқатда бўлган”, дейди Помпео Fox News’га берган интервьюда.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Сулаймонийнинг ўлдирилишини унингАҚШ элчихоналаридан бирида портлаш содир этишни режалаштиргани билан изоҳлаганди. Бироқ аниқ далилларни келтирмаганди.

Юқоридаги далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш ўринлики, Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга ташрифи бежиз қолдирилмаган. Помпео охирги 10 кунликда дунёда содир бўлган ва шахсан Трамп раҳбарлигида содир этилган ҳаракатларнинг асосий фигураси бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Помпео Қосим Сулаймоний

Баҳолаганлар

168

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг