Полиция Имрон Хоннинг уйига бостириб кирди
Олам
−
18 Март 2023
11110Аввал хабар берганимиздек, Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон ўзига қарши очилган жиноий иш кўриб чиқиладиган суд мажлисида қатнашиш учун Исломободга жўнаб кетган эди. Унинг йўқлигида Покистон полицияси Хоннинг Лаҳордаги уйига бостириб кирди. Бу ҳақда Хон раислик қиладиган “Адолат ҳаракати” партияси расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Имрон Хон судда қатнашиш учун пойтахт Исломободга жўнаб кетгач, полиция унинг қароргоҳига кирган. Хон ўзининг Twitter'даги саҳифасида хотини Лаҳорда қолганини ёзган.
“Бу орада Панжоб полицияси Бушра Бегум ёлғиз бўлган Замон боғидаги уйимга ҳужум уюштирди. Қайси қонун асосида улар буни қиляпти? Бу борада ҳеч қандай ноаниқлик бўлмаслиги керак! Лаҳордаги қамалдан мақсад мени судга бериш эмас, балки сайловолди кампаниямни ўтказа олмаслигим учун қамаб қўйиш экани ҳам исботланди. Энди ҳукумат мени ҳибсга олмоқчи эканлиги аниқ. Уларнинг барча ёмон ниятларига қарамай, мен қонун устуворлигига ишонганим учун Исломободга судга бориш учун кетяпман”, деб ёзган собиқ бош вазир.
Шунингдек, у ҳозирда гарчи бунинг учун расмий сабаб кўрмаётган бўлсада, агар ҳибсга олинса, ўзининг мухолифатдаги “Адолат ҳаракати” партиясига раҳбарлик қилиш учун қўмита тузганини маълум қилган. Хон агар суд унинг эркинлигини чеклашга қарор қилса, бутун Покистон бўйлаб ўз тарафдорларининг жуда кучли реакциясидан қўрқишини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Хон сиёсий рақиблари ва Покистон армияси уни бу йил бўладиган умумий сайловлардан четлатишни исташини даъво қилиб, армиянинг давлат сиёсатидаги роли чекланиши кераклигини айтган. Собиқ бош вазир ўз ҳаётига яна бир суиқасд қилиниши мумкинлигини ҳам инкор этмаган.
Имрон Хонга қарши суд жараёнлари
2022 йил октябрь ойида Покистон Сайлов комиссияси Хонни сайловлардан четлаштирган ва Бош вазир сифатида даромадлари тўғрисида нотўғри молиявий ҳисобот бергани учун уни беш йил муддатга давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Қарор Хоннинг совғаларни сотишдан тушган камида 36 миллион Покистон рупийини (137,7 минг доллар) ўзлаштиргани ва унга қарши олиб борилган тергов фонида қабул қилинган.
ОАВга кўра, Имрон Хон Яқин Шарқ давлатлари раҳбарлари томонидан умумий бозор қиймати 154 миллион рупий (1,897 миллион доллар) бўлган совға сифатида тақдим этилган бир нечта қўл соатларини сотишда гумон қилинган. Имрон Хон гўёки бу совғаларни сезиларли чегирма билан сотган, сўнгра олинган сумманинг атиги 20 фоизини Тошахон давлат омборига ўтказиб, савдодан қолган пулни ўзлаштирган. Покистон ҳукумати эса Бош вазир ва хорижий давлатлар раҳбарлари ўртасидаги совғалар алмашинуви мамлакатлараро муносабатларни акс эттиришини, бундай маълумотларнинг ошкор этилиши халқаро муносабатлардаги мамлакат манфаатларига зарар етказиши мумкин эканини билдирган.
2022 йилнинг ноябрига келиб, Исломобод суди Хонга ҳукумат бошчилигида хорижий давлат раҳбарларидан олинган қимматбаҳо совғаларни сотиш айби билан жиноий иш очган.
Жорий йилнинг 28 февралида Покистон пойтахти суди собиқ Бош вазир Имрон Хонни доимий равишда суд мажлисларида иштирок этмагани сабабли ҳибсга олиш тўғрисида ордер берган. 7 март куни Исломобод Олий суди суд қарорини тўхтатиб, Хонни 13 март куни бўлиб ўтадиган суд мажлисида шахсан иштирок этишини буюрган. Белгиланган куни Хон яна судга келмаган, буни адвокатлар унинг соғлиғи ёмонлиги ва Хоннинг 2022 йил ноябрь ойида унга суиқасд уюштирилиши оқибатида орттирган “ногиронлиги” билан изоҳлаган. Шу муносабат билан собиқ Бош вазирни ҳибсга олиш учун ордер янгиланган.
14-15 март кунлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Хонни суд қарорига асосан ҳибсга олишга ҳаракат қилган, бироқ улар “Адолат Ҳаракати” партияси тарафдорларининг қаршиликларига дуч келган, оқибатда 60 дан ортиқ полициячи жароҳат олган. Шу билан бирга, Хоннинг Исломободдаги адвокатлари судьяларни унинг ҳибсга олиш ордерини судга ўзи келиши шарти билан яна тўхтатиб туришга кўндирган.
Маълумот учун, Покистоннинг собиқ бош вазири 2022 йил 10 апрелда унга билдирилган ишончсизлик вотуми натижасида лавозимидан четлатилган. Бундан олдин Хон ўз ҳукуматига Қўшма Штатлар ва маҳаллий мухолифат томонидан таҳдид қилинганини айтган. Собиқ Бош вазир ўзига қарши сиёсий жараён хориждан молиялаштирилганини таъкидлаган.
LiveБарчаси