Польша ва Болтиқбўйи давлатлари “Газпромбанк“ни SWIFT'дан узишни талаб қилмоқда

Олам

image

Польша ва Болтиқбўйи давлатлари Европа Иттифоқидан Россиянинг “Газпромбанк”ини SWIFT тизимидан узиш, Россиядан газ ва алюминий импортини тақиқлашни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “EuObserver” маълум қилди

“Газпромбанк“ Россиядаги учинчи энг йирик банк бўлиб, Россия гази учун барча халқаро тўловлар у орқали амалга оширилади. Ўтган йили Европа Иттифоқи Россиядан 61 миллиард куб метр табиий ҳамда 22 миллиард куб метр суюлтирилган газ сотиб олган. 

“Банкнинг Россияда давлат пулларини ўзлаштириш схемасидаги ролини, шунингдек, Кремлнинг сиёсий манфаатларни илгари суриш учун банкдан фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда, “Газпромбанк“ни SWIFT'дан узиб қўйиш устувор ва рамзий аҳамиятга эга”, дейилади Польша ва Болтиқбўйи давлатларининг қўшма баёнотида. 

Уларнинг фикрига кўра, Европа иттифоқи иложи борича кўпроқ Россия банклари ва молия институтлари ҳамда уларнинг шўба корхоналари активларини музлатиб қўйиши керак.

“Банклар ва молия институтлар активларини музлатиб қўймаслик, банклар SWIFT'дан бутунлай узилиб қолган тақдирда ҳам операциялар бошқа йўллар орқали амалга оширилиши мумкинлигини англатади”, деб таъкидлайди санкцияларни кучайтириш ташаббускорларидан бири. 

Кейинги мантиқий қадам сифатида эса Россиядан Европа Иттифоқига газ импортини тақиқлаш кераклиги айтилмоқда. Шунингдек, Россияга нисбатан чоралар сифатида қуйидагилар кўриляпти:

  • “Дружба” нефть қувури орқали етказиб беришни чеклаш (у орқали Россия нефти Чехия, Германия, Венгрия ва Словакияга етказилади);
  • Бельгияга олмос экспортини тақиқлаш (олмос савдоси Россияга йилига 4 миллиард евродан кўпроқ даромад келтиради ва бунинг 41 фоизи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади);
  • Россия алюминийсига эмбарго;
  • Россияда рўйхатдан ўтган ташкилотларга юкларни ижарага берадиган ёки ташийдиган хорижий кемалар учун Европа Иттифоқи портларига киришни ёпиш. 

Шунингдек, урушга қарши намойишлар контекстида йиғилишлар эркинлигини бузганлик ва оммавий цензура шароитида сўз эркинлигини бузганлик учун айбдор бўлган россияликларга нисбатан санкцияларни кенгайтириш таклиф этилади. Польша ва Болтиқбўйи давлатларининг фикрига кўра, Европа Иттифоқининг қора рўйхатига Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши норозилик намойишларида қатнашувчиларни оммавий ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва чақирувдан қочган шахсларни аниқлаш учун ишлатилган юзни аниқлаш тизимини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишга масъул бўлган мансабдор шахслар ва ташкилотлар кириши керак.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 10-пакетини тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия SWIFT санкциялар “Газпромбанк”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made