Польша ўз ҳудудида Россия дронларини уриб туширди
Олам
−
10 Сентябрь 5882 2 дақиқа
Бугун, 10 сентябрь куни Польша биринчи марта ғарбий Украинанинг Россия томонидан нишонга олиниши вақтида мамлакат ҳаво ҳудудини бузган дронларга қарата ўт очди. Бу ҳақда Польша Қуролли кучлари хабар берди.
Польша ҳарбий қўмондонлиги маълумотига кўра, 10 дан ортиқ дрон қайд этилган, уларнинг айримлари "таҳдидли" деб баҳоланган ва "зарарсизлантирилган”.
“Бизнинг ҳаво ҳудудимизга кирган айрим дронлар уриб туширилди. Ушбу объектлар қулаган эҳтимолий жойларни аниқлаш ва қидирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади қўмондонлик баёнотида.
Идора операция давом этаётганини таъкидлаб, Подляск, Мазовец ва Люблин вилоятлари аҳолисига уйда қолишни тавсия этган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда дронлардан бири уйга шикаст етказганини кўриш мумкин.
Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш Польша самолётлари “душман объектларига қарши қурол қўллаганини” тасдиқлаган.
“Биз НАТО қўмондонлиги билан доимий алоқадамиз”, дея қўшимча қилган у.
Польша армияси бу ҳодисани “тажовуз ҳаракати” деб атаган. Ҳарбий ҳаракатлар туфайли мамлакатнинг энг йирик аэропорти – Варшавадаги аэропорт, шунингдек, яна учта аэропорт, жумладан, Украинага ёрдам етказишда муҳим роль ўйнайдиган Жешув-Ясёнка ҳам ёпилган.
АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси ҳам бир нечта Польша аэропортларининг ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилганини тасдиқлаган. Қўшма Штатларнинг Европадаги армияси собиқ қўмондони Бен Ҳоджес Россия дронларининг НАТО ҳудудига кириб боришини “мудофаа ва эрта огоҳлантириш тизимларини атайлаб синаш” деб атаган.
“Биз ҳар сафар самарали жавоб беришимиз керак. Биз, албатта, кўпроқ нарса қила оламиз”, дейди у.
Маълумот учун, Польша армияси 2022 йилдан буён юқори жанговар шайлик ҳолатида. Ўшанда Украина ракетаси тасодифан Польшанинг бир қишлоғига тушиб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган. Бироқ ҳозир Варшава ўз ҳудудида ҳаво объектларига қарши қурол қўлланганини илк бор расман маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киевдаги Украина ҳукумати биноси Россиянинг Украинага агрессияси бошланганидан бери биринчи марта душман ҳужумидан зарар кўргани ҳақида хабар берилган эди. Рада депутати Ярослав Железнякнинг аниқлик киритишича, ҳукумат биносининг юқори қаватида Бош вазирнинг идораси ва Украина ҳукуматининг мажлислар зали жойлашган. Киевдаги ҳукумат биносидаги ёнғин вертолёт ёрдамида ўчирилган.
Live
Барчаси