Покистонда теракт содир этилди. 16 ҳарбий ҳалок бўлди

Олам

image

Покистоннинг шимоли-ғарбий Хайбер-Пахтунхва вилоятида ҳукуматга қарши жангари гуруҳлар томонидан ҳарбийлар қўриқлаётган назорат-ўтказиш пунктига ҳужум уюштирилди. Оқибатида камида 16 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлди, 5 нафари оғир яраланди. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ҳодиса бугун, 21 декабрь куни тунги вақтда Афғонистон чегарасидан 40 километр узоқликда жойлашган Макин туманида содир бўлган. Ҳужумда 30 нафар жангари иштирок этган ва улар билан жанг бир неча соат давом этган. Маълумотларга кўра, жангарилар назорат-ўтказиш пунктини эгаллаб, у ерда жойлашган алоқа ускуналарини йўқ қилишга ва қуролларни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки 11 ойида Покистонда жангарилар томонидан амалга оширилган 856 та ҳужум оқибатида 1 082 киши ҳалок бўлган. Ноябрь ойида зўравонлик кескин ошиб, бутун мамлакат бўйлаб 245 киши, шу жумладан 68 нафар ҳарбий ва полиция ходими ҳалок бўлган. Жангарилар ва экстремистик гуруҳларнинг 127 аъзоси отишмалар давомида ўлдирилган. Жорий йилда энг кўп террорчилик ҳужумлари Хайбер-Пахтунхва вилоятида рўй берган. Ҳудудда экстремистлар томонидан уюштирилган 50 та теракт ва ҳужум оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 85 киши эса жароҳат олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг шимоли-ғарбий минтақасидаги Афғонистон чегараси яқинидаги қуролли тўқнашувларда 6 нафар ҳарбий ва 22 нафар жангари ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

теракт Покистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг