Покистонда портлашлар содир бўлди. Қурбонлар бор

World

image

Бугун, 20 июнь куни Покистоннинг нотинч шимоли-ғарбий ҳудудида иккита йўл бўйидаги бомба портлаши оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Расмийларнинг билдиришича, биринчи портлашда автомобиль нишонга олинган. Иккинчи бомба эса воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар ёрдам кўрсатаётган пайтда портлатилган. Ҳодиса Афғонистон билан чегарадош бўлган Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Банну туманида юз берган.

Вилоят полициясининг юқори мартабали вакили Ёсир Афридининг айтишича, ҳар икки портловчи қурилма масофадан туриб бошқарилган. Биринчи портлашда 5 киши, иккинчисида эса 2 киши ҳалок бўлган. Яна 3 киши жароҳат олган.

Ҳозирда ҳужумни содир этганларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича қидирув амалиёти олиб борилмоқда. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Покистон Президенти Асиф Али Зардорий портлашларни кескин қоралаган. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган. Президент бирор гуруҳ номини тилга олмаган ҳолда, террорчи тармоқларга бошпана, логистика ва молиявий ёрдам кўрсатаётган ички ва ташқи таъсир кўрсатувчиларни огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг жануби-ғарбий Балужистон вилоятида содир бўлган ҳужум оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends