Покистонда Имрон Хон тарафдорлари намойишга чиқди
Олам
−
11 Апрель 2022
6934Покистоннинг қатор шаҳарларида Миллий ассамблеяда (парламент қуйи палатаси) овоз беришдан сўнг, мамлакат Бош вазири лавозимидан маҳрум бўлган Имрон Хонни қўллаб-қувватлаш учун митинглар бўлиб ўтди.
Покистон Миллий ассамблеяси жорий йил 10 апрелга ўтар кечаси мамлакат Бош вазирига ишончсизлик вотуми учун овоз берган. Имрон Хоннинг чақириғига жавобан “Адолат ҳаракати” партиясининг минглаб тарафдорлари Покистон шаҳарлари кўчаларига чиққан.
Исломобод, Карачи, Лаҳор, Пешовар, Мултан ва бошқа кўплаб шаҳарларда акциялар бўлиб ўтган. Намойишчилар Хонни қўллаб-қувватловчи шиорлар айтган ва унинг Бош вазирликдан кетишини қўллаб-қувватлаган томонларга норозилик билдирган.
Имрон Хоннинг ўзи Twitter’да қўллаб-қувватлагани учун тарафдорларига миннатдорлик билдириб, мамлакатдаги сиёсий инқирозда АҚШни айблаган. Хоннинг қайд этишича, Покистон 1947 йилда мустақилликка эришган бўлса-да, хорижий доираларга қарши озодлик учун кураш бугун ҳам давом этмоқда.
Маълумот ўрнида, Имрон Хон парламентдан ишончсизлик вотумини олган Покистоннинг биринчи Бош вазири бўлди.
Покистондаги сиёсий инқироз жорий йилнинг 3 апрель куни мухолифат 2018 йилда ҳокимият тепасига келган Хонни мамлакатнинг иқтисодий аҳволини яхшилай олмаётганликда, шунингдек, коррупцияда айблаб, Бош вазирга ишончсизлик вотумини эълон қилишга уриниш бошланганидан сўнг авж олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь