Покистон собиқ бош вазири ва унинг хотини 17 йилга ҳукм қилинди
Олам
−
20 Декабрь 4445 2 дақиқа
Бугун, 20 декабрь куни Покистон суди мамлакат собиқ бош вазири Имрон Хон ва унинг рафиқаси Бушра Бибини коррупция иши бўйича 17 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди. Имрон Хон бу вақтда аллақачон бошқа айлов билан қамоқ жазосини ўтаётганди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Покистон Федерал қидирув агентлигининг махсус суди эълон қилган ҳукмга кўра, 10 йил ишончни суиистеъмол қилганлик учун ва 7 йил коррупцияга қарши кураш қонунлари асосида тайинланган.
Мазкур жиноий иш Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон томонидан расмий ташрифлар чоғида Имрон Хонга совға қилинган ҳашаматли соатларга боғлиқ. Прокуратура талқинига кўра, Хон ва унинг рафиқаси совғаларни сақлаш қоидаларини бузган ҳолда, ушбу буюмларни давлатдан жуда паст (арзонлаштирилган) нархларда сотиб олган.
Ахборот вазири Аттаулла Тарарнинг сўзларига кўра, ушбу ноқонуний харид оқибатида давлат бюджетига бир неча миллион рупий зарар етказилган.
Маълумот ўрнида, Имрон Хон 2023 йилнинг августидан буён панжара ортида. У ҳозирда ер билан боғлиқ бошқа бир коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Янги тайинланган 17 йиллик жазо муддати аввалги муддат якунлангач бошланиши билдирди.
Собиқ бош вазир 2022 йилда лавозимидан четлатилганидан бери коррупция, терроризмга қарши кураш ва давлат сирларини ошкор қилиш каби ишлар билан айбланмоқда.
Хоннинг партияси ушбу ишларни сиёсий мотивга эга деб ҳисоблайди. Хоннинг яна бир адвокати Салмон Сафдарнинг маълум қилишича, собиқ бош вазир янги суд қарори устидан Исломобод Олий судига апелляция бериш бўйича топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Имрон Хон қамоқхонада вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо бу ўз тасдиғини топмаганди.
Live
Барчаси